Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон бокс терма жамоаси вакиллари Хитойда қўшма ўқув-машғулот йиғини доирасида ўтказилган 4-халқаро «Belt and Road» турнирида 17 та медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар берди.
Миллий терма жамоа аъзолари иштирокидаги халқаро йиғин 14–29 сентябрь кунлари Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудида бўлиб ўтди. Тайёргарлик жараёнида ўзбек боксчилари халқаро турнирда ҳам иштирок этди.
Терма жамоа ҳисобида еттита олтин медаль бор. Ғолиблар қаторида 50 кг вазн тоифасида Шодиёржон Меликўзиев, 60 кгда Шоҳрух Абдумаликов, 65 кгда Мадияр Данияров, 90 кгда Руслан Шарипбоев, 90 кгдан юқори вазнда Мадияр Сайдрахимов, 51 кгда Зилолахон Юсуфова ва 80 кгда Рухшона Парпиева бор.
Атҳамжон Муҳитдинов (65 кг), Сафармурод Аллаберганов (75 кг), Шаҳзод Полвонов (90 кгдан юқори) ва Собирахон Шоҳобиддинова (80 кгдан юқори) тўртта кумуш медалга сазовор бўлди.
Терма жамоанинг яна олти вакили бронза медалини қўлга киритди. Медалларга Амирбек Исмоилов (50 кг), Абдулазиз Жўракулов (70 кг), Озодбек Алиев (90 кгдан юқори), Жасмин Тоҳирова (48 кг), Севинч Ҳуррамова (65 кг) ва Айсанем Саруарова (75 кг) эга чиқди.
Спортчиларни Рамз Аҳмедов, Юсуфжон Турсунов, Икром Бердиев, Озод Ҳасанов, Баходиржон Нуриддинов ва Рустам Абиловдан иборат мураббийлар тайёрлади. Ҳакамлик вазифасини Аслиддин Абдуалимов амалга оширди.