Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Беларуснинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Александр Огородников билан учрашув ўтказди.
Томонлар рақамли технологиялар ва IT хизматлари соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувдан олдин Беларусь делегацияси IT Park Uzbekistan фаолияти билан танишди. Беларусь вакилларига Ўзбекистон IT экотизимининг ривожланиши, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, IT компанияларининг фаолият юритиш шартлари, уларга тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берилди.
IT Park резидентлари учун яратилган шарт-шароитлар, стартапларни қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳамда Ўзбекистон ва хорижий IT компанияларининг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг делегация UZINFOCOM компаниясига ташриф буюрди. У ерда электрон ҳукумат, давлат хизматларини рақамлаштириш ҳамда аҳоли ва бизнес учун рақамли ечимларни жорий этиш соҳасидаги ишлар тақдим этилди.
Тақдимотлар давомида Ўзбекистоннинг рақамли трансформация соҳасидаги тажрибаси, амалга оширилаётган ечимлар ва уларни амалиётда қўллаш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда томонлар IT хизматлари экспортини ошириш, тажриба алмашиш ва икки мамлакат компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди. Шунингдек, Беларусь IT компанияларининг Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириш ва маҳаллий бозорда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик доирасида рақамли технологиялар ва IT хизматлари соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш салоҳияти мавжудлигини қайд этди.
Учрашув якунида иштирокчилар икки мамлакатнинг тегишли ташкилотлари ва IT компаниялари ўртасидаги мулоқотни давом эттириш, шунингдек, амалий ҳамкорлик йўналишларини биргаликда ўрганиш ва ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.