7
Технологиялар

Ўзбекистон Марказий банки сунъий интеллект соҳасида ўз ечимларини ишлаб чиқмоқда

Ўзбекистон Марказий банки сунъий интеллект соҳасида ўз ечимларини ишлаб чиқмоқда
Ўзбекистон Марказий банки сунъий интеллект соҳасида ўз ечимларини ишлаб чиқмоқда / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки сунъий интеллект асосидаги ўзининг кичик ечимларини ишлаб чиқмоқда ҳамда ушбу хизматларнинг глобал етказиб берувчиларига қарамликни камайтириш йўлларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раисининг ўринбосари Нодирбек Ачилов Марказий банкда бўлиб ўтган ХВЖнинг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий иқтисодий прогноз тақдимотида маълум қилди.

Ачиловнинг сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари, уларнинг қўшнилари ва савдо ҳамкорлари сунъий интеллект соҳасидаги бир нечта йирик халқаро платформаларга катта даражада таянади.

«Ҳозирда минтақа мамлакатлари, қўшниларимиз ва савдо ҳамкорларимиз сунъий интеллект соҳасидаги уч-тўртта глобал платформа, йирик компанияларга қарам. Бу қарамликни қандай камайтириш ҳақида ўйлашимиз керак», — деди у.

Марказий банк раисининг ўринбосари ўз имкониятларини ривожлантириш маҳаллий серверлар ва инфратузилмага катта миқдорда инвестиция киритишни талаб қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, бир ёки иккита етказиб берувчига қарамлик хизматларнинг узлуксиз ишлаши учун қўшимча хавфларни юзага келтиради.

Хусусан, етказиб берувчи мамлакат қарори билан платформалардан фойдаланиш чекланиши, серверлар эса зарур вақтда ишламай қолиши мумкин.

«Кутилаётган натижалар ушбу турдаги сунъий интеллект хизматларини тақдим этувчи икки-учта глобал етказиб берувчига қарамликдан чиқиш сценарийларини ҳам қамраб олиши керак», — дея таъкидлади Ачилов.

У Марказий банк ҳозирча сунъий интеллектнинг ташқи хизматларидан ҳам фойдаланаётганини тан олди. Айни пайтда регулятор айрим вазифаларни ҳал қилиш учун ўз воситаларини ишлаб чиқмоқда.

«Биз жуда катта, суперсунъий интеллект яратишни даъво қилмаяпмиз, аммо кичик вазифаларни ўзимиз ҳал қила оламиз», — деди Марказий банк раисининг ўринбосари.

Сунъий интеллектга инвестициялар ва минтақа учун хавфлар

ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директорининг ёрдамчиси Роберто Кардареллининг таъкидлашича, сунъий интеллект учун ҳисоблаш қувватларига қарамлик масалалари жамғарманинг алоҳида ҳисоботида кўриб чиқилган.

Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллектга йирик инвестициялардан олинадиган иқтисодий самара, айниқса, Форс кўрфази мамлакатларида, кўп жиҳатдан хорижий харидорлар талабига боғлиқ бўлади. Гап ушбу мамлакатлар ҳисоблаш қувватларини бошқа давлатларга экспорт қила оладими-йўқми, деган масала ҳақида бормоқда.

ХВЖнинг минтақавий иқтисодий прогнозида сунъий интеллект бозорида кескин тузатиш юз бериши сценарийси ҳам кўриб чиқилган. Жамғарма бундай ривожланишнинг Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари учун эҳтимолий оқибатларини баҳолаган.

ХВЖ баҳолашича, Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган нефть импорт қилувчи давлатлар учун ушбу сценарийнинг таъсири чекланган бўлади. Минтақа ҳозирча сунъий интеллект ривожланиши цикли билан унчалик чамбарчас боғланмаган, асосий таъсир канали эса жаҳон бозорида нефть нархларининг пасайиши бўлади.

«Нефть импорт қилувчилар учун бу унчалик хавфли эмас», — деди Кардарелли.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.