7
Иқтисод

Ўзбекистон ва Ўмон инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди

Ўзбекистон ва Ўмон инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди
Ўзбекистон ва Ўмон инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Ўмон саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа тармоқларда қўшма инвестиция лойиҳаларини ривожлантиришга келишиб олди. Музокаралар Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи арафасида Масқат шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Вазирлик раҳбари Лазиз Қудратов Уммоннинг йирик компаниялари, инвестиция фондлари ва молия институтлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Томонлар инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда электротехника, энергетика, кимё ва тоғ-кон саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди. Ҳамкорлик йўналишлари қаторида қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва рақамли технологиялар ҳам қайд этилди.

Музокаралар давомида транспорт-логистика инфратузилмаси ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўмон инвестицияларини Ўзбекистондаги девелоперлик ва туризм лойиҳаларига жалб қилиш, молиявий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувлар якунлари бўйича логистика марказлари тармоғини ривожлантириш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш ва экспорт етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди. Томонлар истиқболли инвестиция ташаббусларини илгари суришга ҳам келишиб олди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.