7
Иқтисод

ХВЖ энергия тарифларини янада оширишни қўллаб-қувватлади

ХВЖ энергия тарифларини янада оширишни қўллаб-қувватлади
ХВЖ энергия тарифларини янада оширишни қўллаб-қувватлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро валюта жамғармаси Ўзбекистонда коммунал хизматлар ва энергия ресурслари тарифларини босқичма-босқич харажатларни қоплаш даражасига етказиш мақсадида янада оширишни қўллаб-қувватламоқда. Шунингдек, 15 ноябрдан мамлакатда суюлтирилган газ нархи ҳам кўтарилмоқда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун эса компенсация ажратилиши кўзда тутилган. Бу ҳақда ХВЖнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе Марказий банкда бўлиб ўтган минтақавий иқтисодий прогноз тақдимотида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, инфляциянинг Марказий банк белгилаган мақсадли даражагача пасайишини чеклаётган омиллардан бири тарифлар ислоҳоти бўлган. Коммунал хизматлар нархининг оширилиши дастлаб корхоналарга, кейин эса аҳолига таъсир кўрсатган.

ХВЖ ушбу жараённи қўллаб-қувватлаган, чунки тарифларни паст даражада сақлаб қолиш энергия ресурсларини ортиқча истеъмол қилишни рағбатлантирган ва давлат бюджетининг энергетика субсидиялари учун харажатларини оширган бўлар эди.

«Биз бу ислоҳотни тўлиқ қўллаб-қувватладик, чунки у мутлақо зарур эди. Акс ҳолда, бу Ўзбекистонда энергия ресурсларини ортиқча истеъмол қилишни рағбатлантирган ва бир вақтнинг ўзида бюджетда энергетика субсидиялари бўйича катта харажатларни юзага келтирган бўлар эди», — деди Гвенетадзе.

Шу билан бирга, амалдаги тарифлар ҳозирча коммунал хизматлар ва энергия ресурсларини етказиб бериш харажатларини қопламаяпти. Жамғарма вакилининг баҳолашича, нархлар босқичма-босқич ушбу даражага яқинлашиши керак. Бу Марказий банкка инфляция бўйича белгиланган мақсадга эришиш йўлида олға силжиш имконини беради.

Гвенетадзе суюлтирилган газ нархи яқин вақтда оширилишини ҳам алоҳида маълум қилди.

«15 ноябрдан бошлаб суюлтирилган газ нархи ҳам оширилади. Бироқ ушбу ошириш таъсир қилиши мумкин бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига зарур маблағлар ажратилади», — дея қўшимча қилди у.

Субсидиялар манзилли бўлиши керак

Марказий банк раисининг ўринбосари Нодирбек Ачилов ҳам давлат ёрдамини манзилли тарзда кўрсатиш тарафдори эканини билдирди. У субсидиялар Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати воситаларига эмас, балки бюджет ва таркибий сиёсатга тааллуқли эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёки Энергетика вазирлиги томонидан тақдим этиладиган субсидиялар аниқ белгиланган олувчилар тоифасига йўналтирилиши ва амал қилиш муддати чекланган бўлиши керак.

«Агар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ёки Энергетика вазирлиги субсидия ажратмоқчи бўлса, у аниқ манзилга йўналтирилган ва муддати чекланган бўлиши керак. Унда амал қилиш муддати тугаши ҳақидаги шарт бўлиши, яъни субсидия қачон якунланиши аниқ белгиланиши лозим», — деди Ачилов.

Марказий банк тарифлар ошишининг нархларга бевосита таъсирини олдини ололмайди. Бироқ регулятор энергия ресурслари қимматлашишининг инфляцион кутилмалар, иш ҳақи ва бошқа товар ҳамда хизматлар нархларининг ўзгариши каби иккиламчи оқибатларини кузатиб боради.

Ачиловнинг таъкидлашича, ушбу оқибатларни жиловлаш учун Марказий банк фоиз ставкасини етарлича юқори даражада сақлаб турибди. Бу инфляция спиралининг барқарор шаклланишига йўл қўймаслик учун зарур.

Ёқилғи субсидияларининг инфляция ва бюджетга таъсири

ХВЖнинг инфляцияга бағишланган ҳисоботига киритилган тадқиқотда ёқилғини субсидиялаш ва таклиф шокларининг оқибатлари ўртасидаги боғлиқлик кўриб чиқилган.

Тадқиқотда келтирилган хулосаларга кўра, ёқилғи субсидиялари даражаси юқори бўлган мамлакатларда бундай шокларнинг инфляцияга таъсири тахминан икки баравар кучсизроқ бўлади. Бироқ шокдан уч йил ўтгач, ушбу мамлакатларда бюджетнинг бирламчи баланси сезиларли даражада ёмонлашади.

Шундай қилиб, субсидиялар орқали нархлар ўсишини жиловлаш қисқа муддатда инфляцион босимни камайтириши мумкин, бироқ айни вақтда давлат молиясига тушадиган юкни оширади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.