Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда 25–27 ноябрь кунлари «Буюк ипак йўли» халқаро цирк фестивали бўлиб ўтади. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбирга тайёргарлик ишларини мувофиқлаштиришда иштирок этмоқда. Бу ҳақда палата матбуот хизмати хабар берди.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов цирк раҳбарияти ва ходимлари билан ишчи учрашув ўтказди. Унда фестивалнинг ташкилий концепцияси ҳамда хорижий цирк жамоаларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, тадбирни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ва техник масалалар кўриб чиқилди.
Тайёргарлик ишлари 2026 йил 2 июндаги ПФ-103-сон Президент фармонида белгиланган вазифалар ижроси билан боғлиқ. Ҳужжат маданият, санъат ва адабиётни янада ривожлантиришга қаратилган.
Фармон асосида «Цирк санъати ва оммавий томошалар» ижодий бирлашмаси ташкил этилган. Савдо-саноат палатаси цирк фаолиятини ривожлантириш, унинг имкониятларини кенгайтириш ҳамда ижодий жамоа ташаббусларини амалга оширишга амалий кўмак бермоқда.
Фестиваль турли мамлакатлар цирк санъати вакилларини бирлаштириши кутилмоқда. Ташкилотчилар тадбир маданий алмашинувга, янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ва ижодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилишини кутмоқда.
Фестиваль, шунингдек, миллий цирк санъатини халқаро аудиторияга намойиш этишга қаратилган.