Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон 5 ноябрь куни Миландаги Fondazione Prada кўргазма мажмуасида очилган Global Antiquity халқаро кўргазмасида музей коллекцияларига оид саккизта экспонат билан иштирок этмоқда. Кўргазма Ўрта ер денгизи минтақаси ва Осиё ўртасидаги 1600 йилдан ортиқ даврни қамраб олган маданий алмашинув тарихига бағишланган.
Кўргазма кураторлари сифатида Сальваторе Сеттис, Анна Ангуиссола ва Кьяра Баллестрасци иштирок этди. Унинг меъморий-маконий ечими Рем Колхас ва AMO/OMA бюроси томонидан ишлаб чиқилган. Экспозицияда Евросиё минтақалари ўртасидаги кўп асрлик алоқаларни намоён этувчи 150 дан ортиқ санъат асари ва тарихий артефакт жамланган.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси (ACDF) музей коллекцияларидан саккизта буюмни тақдим этди. Улар орасида қадимги Бақтриянинг бадиий меросини акс эттирувчи Халчаяндан топилган шаҳзода ҳайкали ҳамда Афросиёбдан аниқланган еттита шахмат донаси бор.
Ушбу экспонатлар минтақанинг моддий маданиятини намоён этиш билан бирга, тарихий даврларда унинг аҳолиси интеллектуал ҳаёти ривожланганидан ҳам далолат беради.
Global Antiquity кўргазмаси Миландаги Fondazione Prada мажмуасида 2026 йил 5 ноябрдан 2027 йил 1 мартга қадар давом этади.