Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи ва Санкт-Петербург Давлат тарихи музейи ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолади.
Ҳужжат Санкт-Петербургликлар жаҳон клуби делегациясининг Ўзбекистонга музей, илмий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга бағишланган ташрифи якунларидан бири бўлди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги мухбири хабар берди.
Делегацияга клуб бошқаруви раиси Наталия Сидоркевич раҳбарлик қилди. Ташриф дастури Нукус шаҳрида И.В. Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи асосчиси қабрига гул қўйиш маросими билан бошланди.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари Ажиниёз Қайназаров билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув иштирокчилари илм-фан, олий таълим, туризм, нашриёт фаолияти ва музейлараро алмашинув соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Учрашув давомида Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ва шаҳар Қонунчилик мажлиси раиси Александр Бельскийнинг табриклари ҳам етказилди.
Мурожаатларда Санкт-Петербург ва Ўзбекистон ўртасидаги тарихий яқинлик ҳамда кўп йиллик ҳамкорлик, жумладан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида республика томонидан блокадада қолган Ленинграднинг минглаб эвакуация қилинган аҳолиси қабул қилингани алоҳида қайд этилди. Минтақалар ўртасидаги гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Меморандум имзоланиши билан бир қаторда, Наталия Сидоркевич музейга Санкт-Петербурглик рассомлар — Санкт-Петербургликлар жаҳон клуби аъзоларининг асарларини топширди.
Совға қилинган асарлар қаторига Россияда хизмат кўрсатган рассом Никита Фоминнинг «Амир Темур мақбараси» номли матода ишланган асари ҳамда Россия Рассомлар уюшмаси аъзоси, Россия Бадиий академияси ўқитувчиси Анатолий Анненковнинг картиналари кирди. Музейга, шунингдек, «Санкт-Петербургдан ноёб китоб» нашриёти томонидан чоп этилган «Ердаги ва самовий Эрмитаж» библиофил нашри ҳам тақдим этилди.
Маданий дастур доирасида Қорақалпоғистоннинг қадимий ёдгорликлари — Чилпиқ, Тупроққалъа ва Аёзқалъага ташриф буюрилди. Шунингдек, делегация ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хивадаги Ичан қалъа мажмуаси билан танишди.
Хивада делегация музей-қўриқхона директори Одилбек Ибрагимов билан учрашди. Томонлар иқлим ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда пахса меъморчилиги объектларини сақлаш ва реставрация қилиш масалаларини муҳокама қилди ҳамда эсдалик совғалари алмашди.
Ташриф якунлари бўйича Санкт-Петербург, Нукус ва Хива музейлари ўртасида қўшма тадқиқот ва кўргазма лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари белгилаб олинди.
Санкт-Петербургликлар жаҳон клуби ташрифни ташкил этишда кўрсатган кўмаги учун Ўзбекистоннинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига ҳам миннатдорлик билдирди.