Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Кинематография агентлиги тугатилади, кино соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш ваколатлари эса Маданият вазирлигига ўтказилади. «Ўзбекфильм» давлат муассасаси ўрнига замонавий бизнес модели асосида фаолият юритадиган «Ўзбекфильм» миллий кинокомпанияси ташкил этилади. Фильмлар ишлаб чиқариш тўлиқ хусусий секторга ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни «Ўзбекфильм» киностудиясида кино санъати вакиллари билан учрашувда маълум қилди.
Президентнинг сўзларига кўра, соҳа бошқарув, молиялаштириш ва фильмлар ишлаб чиқариш вазифалари аниқ ажратилган янги тизимга ўтмоқда. Маданият вазирлиги тузилмасида Кино санъати департаменти ташкил этилади. Унинг раҳбари мақомига кўра вазир ўринбосарига тенглаштирилади. Масъулларга бир ой муддатда департамент фаолиятини йўлга қўйиш, Кинематография агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларни тугатиш топширилди.
«Ўзбекфильм» миллий кинокомпанияси фильмларни мустақил суратга олмайди. У кинолойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, фильмларни тарғиб қилиш ва прокатга чиқариш, шунингдек, уларнинг халқаро бозорлар ва кинофестивалларда намойиш этилишини таъминлаш билан шуғулланади. Президент компанияни миллий кино брендини яратиш ва замонавий киноиндустрияни ривожлантиришда таянч марказ ҳамда асосий оператор деб атади. Унинг фаолиятини бир ҳафта ичида ташкил этиш топширилди.
Қайта ташкил этишдан мақсад президент учрашувда тилга олган муаммоларни ҳал қилишдан иборат. Унинг таъкидлашича, мамлакатда ҳалигача фильмни ишлаб чиқаришдан тортиб, уни томошабинга етказишгача бўлган ягона тизим шаклланмаган.
Мирзиёев хорижий фильмлар томошабинлар билан тўлган залларда намойиш этилаётганини қайд этди. «Демак, томошабин кинодан ва кинотеатрга боришдан воз кечмаган, фақат унинг диди ва талаблари ўзгарган. Миллий фильмларимиз бу талабларга жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!» — деди у.
Президент давлат буюртмаси тизимидаги камчиликларга ҳам эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, амалдаги тизим замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермайди. Бир режиссёрга олтитагача, бир муаллифга эса еттитагача лойиҳа топширилган. Буюртмаларнинг қарийб ярми давлат киностудияларига берилгани хусусий киноижодкорлар ўртасидаги рақобатни чеклаган.
Натижада, президент таъкидлаганидек, асосий мезон кучли сценарий ва сифатли фильм яратиш эмас, балки топшириқни тезроқ бажариш бўлиб қолган. Мирзиёев санъат асарларини оддий товар ёки қурилиш объекти каби техник топшириқлар асосида харид қилиш нотўғри эканини айтди. Шунингдек, бугунги кунда профессионал кинотанқидчиларнинг фикри етарлича инобатга олинмаётганини қайд этди.
Сўнгги ўн йилда кинематографияни қўллаб-қувватлаш учун иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинди, «Ўзбекфильм» киностудияси эса тўлиқ реконструкция қилинди. Агар 2016 йилда фильмлар ишлаб чиқариш учун давлат бюджетидан 10 млрд сўм ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 218 млрд сўмни ташкил этди. Президентнинг айтишича, шу даврда миллий фильмлар сони ва сифати ошди, соҳада ўнлаб хусусий киностудиялар пайдо бўлди.
Президент кинони мамлакатнинг халқаро нуфузини оширадиган «юмшоқ куч» воситаси деб атади. У киноижодкорларни экранда фақат тарихий шахсларни эмас, балки замондошлар — ўқитувчилар, шифокорлар, спортчилар, ҳарбийлар, тадбиркорлар, қурувчилар ва ёшларни ҳам акс эттиришга чақирди.
Мирзиёев кино соҳасига нисбатан илгари сурган «O‘z» ғоясини қуйидагича ифодалади: «Ўзлигини англаган ҳолда, ўз тарихини дунёга ўз овози билан сўзлаб бериш».