Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президентимиз «Ўзбекфилм» киностудиясида киноижодкорлар билан учрашув ўтказмоқда. Давлатимиз раҳбари бу даргоҳда миллий кино тарихимиз, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати, халқимизнинг экранга кўчган орзулари, интилишлари ва армонлари мужассам эканини таъкидлади.
“Маҳаллада дув–дув гап”, “Ўтган кунлар”, “Шум бола”, “Чинор остидаги дуэль”, «Суюнчи» каби фильмларнинг қаҳрамонлари хотирамизда яқин инсонлардек сақланиб қолган. Улардаги бир лавҳа, бир оғиз сўз ёки таниш куй болалигимиз, бобо-бувиларимиз ва қадрдон маҳалламизни кўз олдимизда гавдалантиради.
Президентимиз ўз даврида сиёсий ва мафкуравий босимлар қанчалик оғир бўлмасин, ижодкорларимиз ана шундай миллий санъат асарларини ярата олганини таҳсинга сазовор деб баҳолади.
«Ўзбекфилм» яратган бу мактаб мустақиллик йилларида ҳам давом эттирилди. «Абдуллажон», “Отамдан қолган далалар”, «Дилхирож», «Ватан», «Ўтов» сингари халқимизга манзур фильмлар яратилди.
Мамлакатимиз етакчиси ўн йил олдин «Ўзбекфилм» киностудияси қандай аҳволда бўлганини ёдга олди. Ислоҳотларнинг илк кунларидан студияни тиклаш ва ижодкорлар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Бу қадрли маскан тўлиқ реконструкция қилинди. Сўнгги ўн йилда соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинди.
2016 йилда фильмлар олиш учун давлат буджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 218 миллиард сўм берилди.
Давлатимиз раҳбари натижада миллий фильмларимизнинг салмоғи ва сифати ошганини, соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келганини таъкидлади.
Президентимиз янги даврда яратилган тарихий фильмларга тўхталди. Улар орасида «Исломхўжа», «Ибрат», «Авлоний», “Абдулла Қодирий”, “Қўқон шамоли”, «Муқимий», «Илҳақ», “Ўзбек қизи”, “Баҳодир Ялангтўш” бор.
Миллий кадрларимизнинг янги авлоди етишиб чиқди. Давлатимиз раҳбари бунда киноижодкорларнинг муносиб ҳиссаси борлигини қайд этди.
“Олтин глобус” халқаро кино мукофоти тарихида Марказий Осиё ва Кавказ киноижодкорларини тақдирлаш маросими илк бор Тошкентда ўтказилди. Учрашувда иштирок этаётган актриса Гулчеҳра Жамилова «Меридиан» мукофотига сазовор бўлди.
Шу билан бирга, Президентимиз миллий кино санъатимизни янги босқичга олиб чиқиш борасида олдинда ҳали кўп ишлар турганини очиқ айтиш зарурлигини таъкидлади.
Президентимиз ижтимоий тармоқлар ривожлангани учун одамлар кинотеатрга бормай қўйгани ҳақидаги фикрларга тўхталди. Одамлар хорижий фильмларни кинозалларни тўлдириб томоша қилаётганини қайд этди.
– Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди. Миллий фильмларимиз ана шу талабга жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!– деди давлатимиз раҳбари.
Сабаби фильмларни ишлаб чиқаришдан уни томошабинга етказишгача бўлган яхлит занжир – дистрибуция шаклланмаган.
Президентимиз бугун профессионал кинотанқидчилар фикри билан етарлича ҳисоблашилмаётганини қайд этди.
– Қолаверса, холис таҳлил ижодкорга ўз камчиликларини кўра олиш ва ўсиш имконини берадику!– деди давлатимиз раҳбари.
Кино лойиҳаларини молиялаштиришнинг амалдаги давлат буюртмаси ва хариди тизимида ҳам ечимини кутаётган масалалар бор. Эскидан қолган «госзаказ» замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермаяпти.
Бир вақтнинг ўзида битта режиссорга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилган. Бундай юкламада ҳар бир асар устида пухта ишлаш қийин. Буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилгани хусусий ижодкорлар учун тенг рақобат имконини чеклаган.
Оқибатда кучли сценарий ва сифатли фильм яратиш ўрнига топшириқни тезроқ «ёпиш» асосий мезон бўлиб қолган. Мамлакатимиз етакчиси ижодкор меҳнатининг натижаси томошабинни чуқур ўйга солиб, қалбида из қолдирган фильм билан ўлчаниши кераклигини таъкидлади.
Сценарий суратга олиш жараёнида бойитилиши, ижодий ечимлар ўзгариши мумкин. Шунинг учун санъат асарини оддий товар ёки қурилиш объекти каби техник топшириқлар асосида харид қилиш тўғри эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
«Ўзбекфилм»нинг ташкилий ва иқтисодий модели янгиланади. Давлат муассасаси тугатилиб, замонавий бизнес модели асосида ишлайдиган янги «Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси ташкил этилади.
Президентимиз янги кинокомпания миллий кино брендини яратиш ва замонавий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича таянч марказ ҳамда бош оператор бўлишини таъкидлади.
«Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси фильм ишлаб чиқармайди. Фильмларни яратиш тўлиқ хусусий секторга ўтади. Компания лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, фильмларни тарғиб қилиш, тарқатиш, халқаро бозорлар ва фестивалларга олиб чиқиш билан шуғулланади.
Бу орқали филмни ишлаб чиқаришдан томошабинга етказиб беришгача бўлган жараён яхлит тизимга бирлашади. Миллий кинокомпания фаолиятини бир ҳафта муддатда йўлга қўйиш топширилди.
Президентимиз киноларни молиялаштиришда давлат буюртмаси амалиётидан субсидия асосида қўллаб-қувватлаш тизимига ўтилишини маълум қилди.
– Бундан буён давлат фильмнинг буюртмачиси эмас, ижодкорлар ва хусусий секторнинг ишончли ҳамкори бўлади,– деди мамлакатимиз етакчиси.
Фильм ишлаб чиқаришда техник топшириқлар эмас, ижодий жараён ва унинг талабларига устуворлик берилади. Янги молиялаштириш механизмини бир ой муддатда жорий этиш вазифаси қўйилди.
Келгуси йилдан бошлаб ҳар йили «Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси сўровига кўра буджетдан тегишли маблағ ажратиб борилади.
Президентимиз кино яратиш учун замонавий инфратузилма барпо этилишини маълум қилди. «Ўзбекфилм»нинг 10 гектарлик ҳудудида кино хизматлари жамланган ягона индустриал кластер – “Ўзбекфилм кино шаҳарчаси” ташкил этилади.
“Кино шаҳарчаси”да замонавий технологиялар билан жиҳозланган Дубляж ва овозлаштириш маркази қурилади.
Икки ойда малакали лойиҳа ташкилотини жалб қилиб, шаҳарчанинг мастер-режаси ва лойиҳа-сметаси ишлаб чиқилади. Қурилиш ишлари кейинги йилнинг март ойидан бошланади.
Кино тизимидаги бўш турган давлат активларини очиқ савдога чиқариш топширилди.
Давлатимиз раҳбари киноижодкорлар учун яна бир ташаббусни маълум қилди. Қуйи Чирчиқ туманидаги «Кўҳинур» сиҳатгоҳи тўлиғича уларнинг ихтиёрига берилади.
Мазкур сиҳатгоҳ яқинда замонавий талаблар асосида таъмирланиб, жиҳозланган. Бу ерда киноижодкорларнинг муносиб дам олиши учун шароит яратилган.
Президентимиз ушбу маскан киночиларимиз куч тўплаб, янги-янги ғоялар устида ишлашига хизмат қиладиган чинакам ижодий масканга айланишини таъкидлади.
Бундан ташқари, ҳар йили кино соҳасида фаолият юритадиган камида 300 нафар фидойи ходимга республикадаги сиҳатгоҳларда дам олиш ва даволаниш учун бепул йўлланма берилади.
Президентимиз соҳада илм, таҳлил ва профессионал танқидчиликни ривожлантириш мақсадида “Киношунослар клуби” ташкил этилишини маълум қилди.
«Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси клуб фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Унинг Халқаро кинотанқидчилар федерацияси – ФИПРEССИга аъзо бўлишига кўмаклашади. Бу миллий фильмларнинг нуфузли халқаро фестиваллардаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Соҳа вакилларининг касбий ҳамжамиятини жипслаштириш учун Ўзбекистон Кино арбоблари ва Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмалари бирлаштирилиб, Ўзбекистон кино соҳаси вакиллари палатаси ташкил этилади.
Палата соҳада ўзини ўзи бошқаришни ривожлантириш, ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқлари ва касбий манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг профессионал ўсишига кўмаклашиш билан шуғулланади.
Ёш киноижодкорларнинг хорижда малака ошириши ва палата фаолияти молиявий-ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватланиши белгиланди. Янги палата фаолиятини ташкил этиш ишларини бир ойда якунлаш топширилди.
Президентимиз миллий кино саноатини янги технологик ривожланиш босқичига олиб чиқиш зарурлигини таъкидлади. Кино яратишда сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича ҳамкорлик дастури бир ойда ишлаб чиқилади.
Унда янги таълим дастурларини тайёрлаш, мутахассисларни ўқитиш ва хорижда малакасини ошириш масалалари кўзда тутилади.
Шундан сўнг давлатимиз раҳбари «Ўзбекфилм» номини миллий киномизнинг ягона бренди сифатида мустаҳкамлаш ташаббусини илгари сурди. Халқимиз Чилонзорнинг бу ҳудудини азалдан «Ўзбекфилм» деб аташи қайд этилди.
Ҳозирги Чилонзор кўчасининг мазкур қисмига «Ўзбекфилм» номини бериш таклиф қилинди. Кино санъати музейини «Ўзбекфилм» музейи, Кино санъати саройини «Ўзбекфилм» киносаройи, Миллий кинофондни «Ўзбекфилм» миллий кинофонди деб номлаб, уларни ягона бренд остида бирлаштириш таклиф этилди.
Мамлакатимиз етакчиси айтилган ўзгаришлар соҳа фаолиятини янада юксалтириши ва яхши фильмлар яратишга хизмат қилишига ишонч билдирди. Шундан сўнг тажрибали ижодкорлар ва ёшларнинг фикрларини тинглади.
Очиқ мулоқот якунида давлатимиз раҳбари миллий кинони ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинганини ва айтилган ўзгаришларни назарда тутувчи фармонни имзолаганини маълум қилди.
Президентимиз ижодкорларнинг ташаббуслари қўллаб-қувватланишини, яхши кино яратиш учун шароитдан ташқари ҳалол меҳнат ва ватанпарварлик билан халқни севиб ижод қилиш кераклигини таъкидлади.
Сизларга ишонаман. Ўзлигимиздан куч олиб, бугунги ҳаётимизни теран англаб, миллий киномизнинг янги саҳифасини биргаликда ярата оламиз, – деди Президентимиз учрашув якунида.