Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президентимиз «Ўзбекфилм» киностудиясида киноижодкорлар билан учрашув ўтказмоқда. Давлатимиз раҳбари бу даргоҳда миллий кино тарихимиз, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати, халқимизнинг экранга кўчган орзулари, интилишлари ва армонлари мужассам эканини таъкидлади.
“Маҳаллада дув–дув гап”, “Ўтган кунлар”, “Шум бола”, “Чинор остидаги дуэль”, «Суюнчи» каби фильмларнинг қаҳрамонлари хотирамизда яқин инсонлардек сақланиб қолган. Улардаги бир лавҳа, бир оғиз сўз ёки таниш куй болалигимиз, бобо-бувиларимиз ва қадрдон маҳалламизни кўз олдимизда гавдалантиради.
Президентимиз ўз даврида сиёсий ва мафкуравий босимлар қанчалик оғир бўлмасин, ижодкорларимиз ана шундай миллий санъат асарларини ярата олганини таҳсинга сазовор деб баҳолади.
«Ўзбекфилм» яратган бу мактаб мустақиллик йилларида ҳам давом эттирилди. «Абдуллажон», “Отамдан қолган далалар”, «Дилхирож», «Ватан», «Ўтов» сингари халқимизга манзур фильмлар яратилди.
Мамлакатимиз етакчиси ўн йил олдин «Ўзбекфилм» киностудияси қандай аҳволда бўлганини ёдга олди. Ислоҳотларнинг илк кунларидан студияни тиклаш ва ижодкорлар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Бу қадрли маскан тўлиқ реконструкция қилинди. Сўнгги ўн йилда соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинди.
2016 йилда фильмлар олиш учун давлат буджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 218 миллиард сўм берилди.
Давлатимиз раҳбари натижада миллий фильмларимизнинг салмоғи ва сифати ошганини, соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келганини таъкидлади.
Президентимиз янги даврда яратилган тарихий фильмларга тўхталди. Улар орасида «Исломхўжа», «Ибрат», «Авлоний», “Абдулла Қодирий”, “Қўқон шамоли”, «Муқимий», «Илҳақ», “Ўзбек қизи”, “Баҳодир Ялангтўш” бор.
Миллий кадрларимизнинг янги авлоди етишиб чиқди. Давлатимиз раҳбари бунда киноижодкорларнинг муносиб ҳиссаси борлигини қайд этди.
“Олтин глобус” халқаро кино мукофоти тарихида Марказий Осиё ва Кавказ киноижодкорларини тақдирлаш маросими илк бор Тошкентда ўтказилди. Учрашувда иштирок этаётган актриса Гулчеҳра Жамилова «Меридиан» мукофотига сазовор бўлди.
Шу билан бирга, Президентимиз миллий кино санъатимизни янги босқичга олиб чиқиш борасида олдинда ҳали кўп ишлар турганини очиқ айтиш зарурлигини таъкидлади.
Президентимиз ижтимоий тармоқлар ривожлангани учун одамлар кинотеатрга бормай қўйгани ҳақидаги фикрларга тўхталди. Одамлар хорижий фильмларни кинозалларни тўлдириб томоша қилаётганини қайд этди.
– Демак, томошабин кинодан, кинотеатрларга боришдан воз кечгани йўқ, фақат унинг диди ва талаби ўзгарди. Миллий фильмларимиз ана шу талабга жавоб беряптими? Афсуски, йўқ!
– деди давлатимиз раҳбари.
Сабаби фильмларни ишлаб чиқаришдан уни томошабинга етказишгача бўлган яхлит занжир – дистрибуция шаклланмаган.
Президентимиз бугун профессионал кинотанқидчилар фикри билан етарлича ҳисоблашилмаётганини қайд этди.
– Қолаверса, холис таҳлил ижодкорга ўз камчиликларини кўра олиш ва ўсиш имконини берадику!
– деди давлатимиз раҳбари.
Кино лойиҳаларини молиялаштиришнинг амалдаги давлат буюртмаси ва хариди тизимида ҳам ечимини кутаётган масалалар бор. Эскидан қолган «госзаказ» замонавий киноиндустрия талабларига жавоб бермаяпти.
Бир вақтнинг ўзида битта режиссорга олтитагача, бир муаллифга еттитагача лойиҳа бириктирилган. Бундай юкламада ҳар бир асар устида пухта ишлаш қийин. Буюртмаларнинг деярли ярми давлат студияларига берилгани хусусий ижодкорлар учун тенг рақобат имконини чеклаган.
Оқибатда кучли сценарий ва сифатли фильм яратиш ўрнига топшириқни тезроқ «ёпиш» асосий мезон бўлиб қолган. Мамлакатимиз етакчиси ижодкор меҳнатининг натижаси томошабинни чуқур ўйга солиб, қалбида из қолдирган фильм билан ўлчаниши кераклигини таъкидлади.
Сценарий суратга олиш жараёнида бойитилиши, ижодий ечимлар ўзгариши мумкин. Шунинг учун санъат асарини оддий товар ёки қурилиш объекти каби техник топшириқлар асосида харид қилиш тўғри эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Янгиликлар янгиланмоқда