Маданият

Ўзбекистонда Европа киноси XI фестивали бўлиб ўтади

Ўзбекистонда Европа киноси XI фестивали бўлиб ўтади
Ўзбекистонда Европа киноси XI фестивали бўлиб ўтади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Европа киноси XI фестивали 23–25 октябрь кунлари Тошкентда, илк бор эса 27 октябрь куни Урганчда бўлиб ўтади. Фестиваль дастуридан Европа мамлакатларининг 11 та бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильми ўрин олган. Барча намойишлар бепул бўлади.

Фестивальнинг Тошкентдаги асосий майдончаси Ўзбекистон Миллий кино санъати саройи бўлади. Урганчдаги намойишлар Ҳудойберган Девонов номидаги кинотеатрда ўтказилади.

Фильмлар асл тилида, ўзбек ва/ёки рус тилларидаги субтитрлар билан намойиш этилади.

Фестиваль учун ўз фильмларини Кипр, Франция, Германия, Греция, Италия, Латвия, Литва, Люксембург, Руминия ва Словения элчихоналари тақдим этган.

Тадбирни ташкил этишда Goethe институти ва Тошкентдаги Француз альянси ҳам иштирок этмоқда. Фильмларнинг бир қисми миллий ва халқаро кино мукофотларига сазовор бўлган.

Фестиваль 2013 йилдан буён Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси томонидан мамлакатда аккредитациядан ўтган Европа элчихоналари билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги кўмагида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.

23 октябрь куни Тошкентда томошабинларга Литванинг «Кўз юмиш кераклигини эсла» психологик драмаси, Франциянинг «Қор қоплонини излаб» ҳужжатли фильми ҳамда композитор Эннио Морриконе ижодига бағишланган Италиянинг «Эннио» ҳужжатли фильми тақдим этилади.

24 октябрь куни дастурдан Кипрнинг «Василис Михаилидис — Яширин шамоллар» ҳужжатли фильми, Словениянинг «Ника» спорт драмаси ва Грециянинг «Плюш айиқ ҳаётидан бир кун» фильми ўрин олган.

Сўнгги фильм Шанхай бўйлаб сайр давомида хитойлик скрипкачи Лю Цзиньси ва грек меъмори Паноснинг танишиб қолиши ҳақида ҳикоя қилади.

25 октябрь куни Люксембургнинг «Агар мен бўлмасам-чи» трагикомедияси, баскетболчи Ульяна Семёнова ёшлиги ҳақидаги Латвиянинг «Уля» биографик фильми ҳамда ҳуқуқ факультетида таҳсил олаётган етти нафар талаба ўртасидаги дўстлик ҳақидаги Руминиянинг «Юридик факультет тўдаси» фильми намойиш этилади.

27 октябрь куни Урганчда томошабинлар Франция ва Люксембург ҳамкорлигида ишланган «Боғдаги қайиқ» анимацион фильмини, отасининг шафқатсиз тарбиясидан ҳимоя излаётган 12 ёшли қиз ҳақидаги Германиянинг «Карла» драмасини, шунингдек, Грециянинг «Плюш айиқ ҳаётидан бир кун» фильмини кўришлари мумкин.

Фестивальнинг қўшимча дастури доирасида 28 октябрь куни талабалар учун қисқа метражли фильмлар намойиши ҳам ташкил этилади. Ушбу тадбир Ўзбекистондаги Британия кенгаши томонидан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликда ўтказилади.

Шунингдек, Moc Hub маданий маконида очиқ кинонамойишлар ўтказиш ҳам режалаштирилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.