Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 23 октябрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши депутатлари пойтахтнинг бир нечта туманидаги инфратузилма муаммоларини ҳал этиш учун 4 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратди. Маблағлар болалар боғчаларини таъмирлаш, ҳудудларни ободонлаштириш, ички йўлларни янгилаш ва маҳаллаларда видеокузатув тизимини кенгайтиришга йўналтирилади.
Энг катта маблағ — қарийб 1 млрд сўм — Учтепа туманидаги 20 та маҳаллада видеокузатув камераларини ўрнатиш учун ажратилди. Шу тумандаги 244-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотини таъмирлашга яна 991 млн сўм йўналтирилади. Ушбу маблағлар иситиш тизими ва томни таъмирлаш, шунингдек, боғча ҳудудидаги йўлакларга асфальт ётқизиш учун сарфланади.
Мирзо Улуғбек туманидаги «Бўз» маҳалласида жойлашган 418-сонли болалар боғчасини капитал таъмирлаш учун 815 млн сўм ажратилди.
Юнусобод туманидаги «Халқобод» ва «Ўзбекистон Мустақиллиги» маҳаллаларининг ички йўлларини таъмирлашга 560 млн сўм сарфланади. Ишлар доирасида йўлларга асфальт ётқизиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, Аҳмад Дониш кўчасида жойлашган «Келажак» республика маркази биносини таъмирлаш учун 363,6 млн сўм ажратилади. Марказда 150 нафардан ортиқ ўқувчи тўгаракларда бошланғич касбий кўникмаларни эгалламоқда.
Миробод туманини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, суғориш ишлари ва мавжуд яшил ҳудудларни сақлаб қолиш учун 315,9 млн сўм маблағ кўзда тутилган.
Маблағлар 2026 йил 1 январь ҳолатига шаклланган шаҳар бюджети қолдиғидан ажратилади. Уларнинг мақсадли сарфланиши учун маблағ олувчи ташкилотлар масъул этиб белгиланган. Назорат пойтахт Давлат молиявий назорати инспекцияси бошқармасига юклатилган.