Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг China Energy International компаниясини Навоий вилоятининг сув таъминоти тизимига қўшимча инвестициялар киритишга чақирди.
Бу масала 16 октябрь куни давлат раҳбарининг Хитойнинг CAMCE, China Energy ва Sinoma Energy компаниялари раҳбарлари, шунингдек, Уммоннинг Voltamp Energy компанияси директорлар кенгаши раиси Сайид Айман ал-Бусайдий билан учрашувида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Хитойлик инвесторлар билан музокаралар давомида томонлар қайта тикланувчи энергетика, энергияни тўплаш тизимлари, чиқиндиларни қайта ишлаш ва сув таъминоти соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни кўриб чиқдилар.
Шунингдек, Андижон вилоятида логистика хабини ташкил этиш, агровольтаикани ривожлантириш ва нефть-газ соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш ташаббуслари қўллаб-қувватланди.
China Energy International президенти Сяо Сюэбинь «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида учрашувни самарали деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, Мирзиёев CEEC компанияси билан ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, уни Навоий вилояти сув таъминотини ривожлантиришга инвестиция киритишдаги иштирокини кенгайтиришга чақирган.
«Президент қайта тикланувчи энергия манбалари, энергияни сақлаш тизимлари ва ишончли электр тармоқларини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у бизни Навоий вилоятининг сув таъминоти тизимига янги инвестициялар киритишга чақирди», — деди Сяо Сюэбинь.
Унинг қўшимча қилишича, учрашув якунлари бўйича вазирлар ва Бош вазир ўринбосарларига компания фаолиятига кўмаклашиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш топширилган.
Sinoma Energy Conservation компанияси раиси Синьлин Мэн ҳам Ўзбекистондаги фаолият натижалари ҳақида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, компания Навоий вилоятида қуёш энергетикаси ва энергияни тўплаш билан боғлиқ биринчи лойиҳасини якунлаган.
«Лойиҳа натижалари ҳақида маълумот тақдим этганимизда, Президент жаноблари мамнуният билдирди ва келгусида ҳам бизни қўллаб-қувватлашини айтди. Биз Ўзбекистонга инвестиция киритиш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилашга ҳисса қўшишдан мамнунмиз», — деди Синьлин Мэн.
Уммоннинг Voltamp Energy компанияси вакиллари билан учрашувда қуёш электр станцияларини қуриш ва куч трансформаторлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари муҳокама қилинди.