Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хорватия малакали ишчиларни жалб қилишда Ўзбекистонни устувор ҳамкорлардан бири сифатида кўриб чиқмоқда.
Бу масала Ўзбекистон Миграция агентлиги директори Мухсинхўжа Абдураҳмоновнинг иш сафари давомида Хорватия Савдо-саноат палатаси (HGK) ва мамлакат Иш берувчилар ассоциацияси (HUP) раҳбарияти билан ўтказган музокараларида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.
Томонлар асосий эътиборни ўзбекистонлик мутахассисларни Хорватия меҳнат бозорига уюшган ва қонуний равишда жалб қилиш бўйича давлатлараро механизмни ишлаб чиқишга қаратди.
Таклиф этилаётган моделга кўра, Хорватия иш берувчиларининг ходимларни танлаб олиш бўйича буюртмалари Хорватия давлат бандлик хизмати орқали Ўзбекистон Миграция агентлигига юборилади.
Номзодлар Ўзбекистонда касбий ва тил тайёргарлигидан ўтади, шундан сўнг иш берувчилар улар орасидан танлов ўтказади. Шунингдек, давлатлараро механизм доирасида танлаб олинган фуқаролар учун ишлаш ва яшаш рухсатномаларини расмийлаштириш жараёнларини тезлаштириш ҳам назарда тутилган.
Хорватия томони қурилиш, туризм, меҳмонхона ва ресторан бизнеси, тиббиёт ҳамда савдо соҳаларида ишчиларга талаб юқори эканини маълум қилди.
Музокаралар давомида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро бизнес-форумга Хорватиянинг 10–30 та компаниясидан иборат делегацияни жалб қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилди.
Ташриф доирасида компаниялар вакиллари ўқув марказлари билан танишиши ва номзодларни бевосита танлаб олиши мумкин бўлади.
Таклиф этилаётган механизм Хорватия иш берувчилари ва ўзбекистонлик мутахассислар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, хорижда қонуний ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.