Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ва Германиянинг Prosica GmbH компанияси таълим, касбий тайёргарлик ҳамда ёшлар учун халқаро алмашинув дастурларини ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш ниятида.
Истиқболли лойиҳалар вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ва компаниянинг катта маслаҳатчиси Транг До бошчилигидаги делегация ўртасида муҳокама қилинди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Томонлар бошланган ҳамкорликни давом эттириш ва аниқ механизмлар асосида янги ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.
Компаниянинг таълим ва технологиялар соҳасидаги тажрибасидан фойдаланган ҳолда ёшларга хорижий тилларни ўргатиш, уларнинг касбий кўникмаларини ривожлантириш ҳамда халқаро тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таклифлар орасида мактаб ўқувчилари учун алмашинув дастурларини ташкил этиш, иқтидорли ёшлар учун стипендия ва мукофотлар таъсис этиш, шунингдек, ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилалар фарзандлари, жумладан, ногиронлиги бўлган болаларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш каби ташаббуслар бор.
Хайрулло Бозоров сифатли таълим олиш, хорижий тилларни ўрганиш, замонавий касбларни эгаллаш ва халқаро тажриба орттириш муҳимлигини таъкидлади. У таклифларни қўллаб-қувватлашини билдириб, кейинги ишларни аниқ вазифалар ва босқичлар белгиланган «йўл харитаси» асосида ташкил этиш зарурлигини қайд этди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб, истиқболли лойиҳаларни тайёрлаш бўйича кейинги чора-тадбирларни келишиб олди.
Prosica GmbH таълим ва технологиялар соҳасида фаолият юритади. Компания касбий тайёргарлик, амалий илмий тадқиқотлар, технологиялар трансфери ва халқаро миқёсда инсон ресурсларини ривожлантириш билан шуғулланади.
Компания фаолиятининг бошқа йўналишлари қаторида ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳасидаги лойиҳалар ҳам мавжуд.