7
Ўзбекистон

Ўзбекистон Санкт-Петербургдаги Сенной бозорида ўтказилган текширувларни кузатмоқда

Ўзбекистон Санкт-Петербургдаги Сенной бозорида ўтказилган текширувларни кузатмоқда
Ўзбекистон Санкт-Петербургдаги Сенной бозорида ўтказилган текширувларни кузатмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ва мамлакатнинг Санкт-Петербургдаги Бош консуллиги Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан 2026 йил 16 октябрда Сенной бозори ва унга туташ ҳудудларда ўтказилган текширувлардан кейинги вазиятни кузатиб бормоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.

Мавжуд маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари хорижий фуқароларнинг Россияда қонуний бўлиб туриши ва меҳнат фаолиятини амалга оширишига оид ҳужжатларини текширган. Шунингдек, Россия фуқаролигини олган шахсларнинг ҳарбий ҳисобда туриш-турмаслиги ҳам аниқланган. Текширувлар давомида бозор ҳудудидан чиқиш вақтинча чекланган.

Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консуллиги билан биргаликда республика фуқаролари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Идора маълум қилишича, Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилгани аниқланган тақдирда, уларни ҳимоя қилиш учун тегишли чоралар кўрилади.

Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож ватандошлар Москвадаги Миграция агентлиги ваколатхонасининг +7 495 803-40-00 рақамли ишонч телефонига мурожаат қилишлари мумкин. Шунингдек, @huquqiyyordamuzbot Telegram-боти орқали сутка давомида, яъни 24 соат мобайнида ёрдам олиш имконияти мавжуд.

Миграция агентлиги Ўзбекистон фуқароларини бўлиб турган ва меҳнат қилаётган мамлакатнинг миграция қонунчилигига риоя этишга чақирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.