Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Афғонистоннинг Kam Air компанияси раҳбари Омар Муҳаммад Сулаймон билан ҳудудда янги халқаро авиакомпания ташкил этиш лойиҳасини тайёрлаш масаласини муҳокама қилди.
Томонлар аввал таклиф этилган ташаббусни амалга ошириш жараёни, ташкилий масалалар ҳамда лойиҳани амалий босқичга ўтказиш учун кейинги қадамларни кўриб чиқди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Учрашувда Фарғона вилояти ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бораётгани ҳам қайд этилди.
Учрашув иштирокчилари лойиҳани ривожлантириш имкониятлари ва уни амалга ошириш шартларини ҳар томонлама ўрганиш зарурати юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, ишларни халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этиш, тегишли ташкилотлар ва мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун зарур чора-тадбирларни тайёрлашда кўмаклашишни давом эттириш нияти тасдиқланди. Томонлар кейинги қадамларни белгилаб олди.