Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Американинг Head Honchos компанияси Ўзбекистон фуқароларини АҚШ қишлоқ хўжалиги соҳасида мавсумий ишлашга тайёрлаш дастурини йўлга қўйишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миграция агентлиги хабар берди.
Агентлик директори Муҳсинхўжа Абдураҳмонов компания раҳбарияти билан онлайн музокаралар ўтказди.
Томонлар АҚШдаги баҳорги қишлоқ хўжалиги мавсуми бошланишидан олдин номзодларни ўқитишни ташкил этиш бўйича амалий қадамларни муҳокама қилди.
Дастурда 12 ҳафталик ўқув курси назарда тутилган бўлиб, у инглиз тили машғулотлари, қишлоқ хўжалиги техникаларини бошқариш, ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш, пайвандлаш ҳамда меҳнат муҳофазаси бўйича дарсларни ўз ичига олади.
Агентлик маълумотларига кўра, америкалик фермерларнинг мавсумий ишларда Ўзбекистон фуқароларини жалб этишга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда.
Иш берувчилар ўқув дастурини ишлаб чиқиш, номзодларни синовдан ўтказиш ва уларни якуний сертификатлаш жараёнида иштирок этади.
Иштирокчиларни танлаш ва тайёрлаш ишлари иш берувчилардан буюртмалар келиб тушганидан ҳамда саралаш мезонлари тасдиқланганидан сўнг бошланади.
Миграция агентлиги қабул шартлари ва ариза топшириш тартиби ҳақида қўшимча маълумот беради.