Иқтисод

JICA ва Фарғона вилояти ҳамкорликни кенгайтиради

JICA ва Фарғона вилояти ҳамкорликни кенгайтиради
JICA ва Фарғона вилояти ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ижрочи катта вице-президенти Миядзаки Кацура бошчилигидаги делегация Фарғона вилоятига ташриф буюрди. Ташриф доирасида Ўзбекистон — Япония марказининг филиали очилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.

«Қўқон» халқаро аэропортида делегацияни Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров кутиб олди.

Ташриф дастуридан вилоят раҳбарияти билан учрашув, таълим муассасаси фаолияти билан танишиш, янги марказнинг очилиш маросими ҳамда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш ўрин олди.

Қўқон шаҳрида JICA вакиллари «Turon ilm-odob» нодавлат таълим муассасаси фаолияти билан танишдилар. Делегация таълим олиш учун яратилган шароитлар, ўқув жараёни ва Япония таълим тизими тажрибасига асосланган усуллар билан танишди.

Ушбу муассасада ўқувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантириш ва сифатли таълимни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қўқондан ташқари, Фурқат, Ўзбекистон ва Олтиариқ туманларида ҳам муассаса филиаллари фаолият юритади. Уларда 3 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олади.

Қўқон шаҳрида Ўзбекистон — Япония маркази филиалининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда Хайрулло Бозоров, Миядзаки Кацура, Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Кэндзӣ Хирата ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан Хайрулло Бозоров янги марказ Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Тадбирда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма ва маданият соҳаларида ривожланиб бораётгани қайд этилди. Бу жараёнда JICA ҳам муҳим ўрин тутади.

Қўқон шаҳридаги филиал шаҳар ва Фарғона водийси аҳолисига япон тилини ўрганиш, бизнес-тренинглар ва таълим дастурларида қатнашиш, шунингдек, Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларда иштирок этиш имконини беради.

Марказда ҳар йили 200 нафардан ортиқ ёш таълим олиши мумкин. Дастурлар Японияда ўқишни давом эттириш ва ушбу мамлакатда ишга жойлашиш учун ҳам имкониятлар яратади.

Тадбиркорлар эса Япония бизнеси тажрибаси билан танишиш, япон ишбилармон доиралари билан алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантириш имкониятига эга бўлади.

Хайрулло Бозоров марказ фаолиятини қўллаб-қувватлашга, унинг дастурларини вилоятдаги таълим муассасалари ва тадбиркорлик ҳамжамияти билан ўзаро боғлиқ ҳолда ривожлантиришга тайёрлигини билдирди.

Кэндзӣ Хирата ва Миядзаки Кацура Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, таълим ва тадбиркорлик соҳаларида янги ташаббусларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидладилар. Уларнинг сўзларига кўра, янги марказ Фарғона водийсида икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш майдонига айланади.

Маросимдан сўнг иштирокчилар марказда яратилган шароитлар билан танишдилар.

Ташриф доирасида Хайрулло Бозоров Кэндзӣ Хирата ва Миядзаки Кацура билан ҳам учрашув ўтказди. Томонлар ҳамкорликни ривожлантириш, Фарғона вилоятида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Хайрулло Бозоров Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликда Фарғона вилояти иштирокини кенгайтириш, шунингдек, япон ҳамкорлар билан янги инвестициявий ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

Фарғона вилояти JICA дастурлари ва лойиҳаларида фаол иштирок этишга тайёрлигини ҳам билдирди. Учрашувда истиқболли қўшма ташаббуслар ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида томонлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш, истиқболли қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олдилар.

Қўқон шаҳрида Ўзбекистон — Япония маркази филиалининг очилиши таълим, бизнес ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам сифатида қайд этилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.