Иқтисод

Ўзбекистон ва Туркия аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Туркия аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Туркия аграр соҳада ҳамкорликни кенгайтиради  / Фото: Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркия қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмакли билан учрашув ўтказди. Унда томонлар аграр соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг янги йўналишларини кўриб чиқди.

Музокараларда ҳамкорликнинг жорий ҳолати, мавжуд имкониятлар ва келгусида амалга ошириш режалаштирилаётган қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.

Томонлар аграр шерикликни янада ривожлантиришга, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратишга келишиб олди.

Устувор йўналишлар қаторида чорвачилик ва озуқа базасини ривожлантириш, уруғчилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинларининг қурғоқчиликка чидамли навларини яратиш белгиланди.

Учрашувда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро савдосида иштирок этаётган тадбиркорлар сонини кўпайтириш масаласи муҳокама қилинди. Бундан ташқари, балиқчиликни ривожлантириш ва икки мамлакат ўртасидаги илмий алоқаларни кенгайтириш масалаларига тўхталиб ўтилди.

Ташриф доирасида Иброҳим Юмакли бошчилигидаги Туркия делегацияси Иброҳим Абдураҳмонов билан биргаликда Тошкент давлат аграр университетига ташриф буюрди.

Меҳмонлар талабалар учун яратилган таълим шароитлари, олий таълим муассасасининг замонавий инфратузилмаси ва ёш мутахассисларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.