Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилоятининг Учқўрғон туманида Қирғизистон чегарасига олиб борувчи D 128 автомобиль йўлида Фарғона канали орқали ўтувчи кўприкни реконструкция қилиш ишлари якунланмоқда. Янгиланган иншоотни яқин кунларда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
Қурилиш-таъмирлаш ишлари «Учқўрғон — Бўстон — Қирғиз Республикаси чегараси» давлат аҳамиятидаги D 128 автомобиль йўлида олиб борилмоқда. Ушбу йўл «Учқўрғон — Кенгсой» божхона постига олиб борувчи транспорт қатновини таъминлайди.
Аввалги эни 9 метр бўлган кўприк ўрнига эни 15 метрлик замонавий иншоот барпо этилмоқда. Бу транспорт воситалари ҳаракати учун имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилади.
Кўприкда асфальт ётқизиш ишлари аллақачон якунланган. Айни пайтда иншоотни фойдаланишга топширишга тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур йўналишда автомобиль йўлини таъмирлаш ва кенгайтириш ишлари ҳам якунланмоқда. Ишларни Учқўрғон тумани автомобиль йўлларидан фойдаланиш давлат муассасаси амалга оширмоқда.
Йўл таъмирлаш ишларини ҳам яқин кунларда тўлиқ якунлаш кутилмоқда. Шундан сўнг янгиланган йўл ҳам фойдаланишга топширилади.
Кўприкни реконструкция қилиш ва автомобиль йўлини таъмирлаш чегараолди ҳудудида транспорт қатновини енгиллаштириши кутилмоқда. Янгиланган инфратузилма йўловчи ва юк ташиш учун қўшимча қулайликлар яратади.