Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Хитойнинг China Road and Bridge Corporation (CRBC) компанияси «Ғузор — Бухоро — Нукус — Бейнеу» халқаро автомобиль йўли — А380 трассасининг техник ҳолатини диагностикадан ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.
Музокаралар Автомобиль йўлларининг техник ҳолати ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таҳлил қилиш марказида бўлиб ўтди.
Учрашувнинг асосий мавзуси автомобиль йўлининг Бухоро вилояти ҳудудидан ўтувчи қисмининг ҳолатини баҳолашдан иборат бўлди. Иштирокчилар йўл қопламасини диагностика қилиш ёндашувлари, ўтказилган текширувлар натижалари ҳамда халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда сифатни назорат қилиш усулларини кўриб чиқди.
Қайд этилишича, А380 автомобиль йўли Хитойнинг CRBC компанияси томонидан қурилган. Компания билан ҳамкорлик техник тажриба алмашиш ва автомобиль йўлларининг ҳолатини холис баҳолаш усулларини такомиллаштиришга қаратилган.
Томонлар, шунингдек, йўл инфратузилмаси соҳасидаги келгуси ҳамкорлик ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.