Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузганлик учун янги маъмурий жавобгарлик чоралари жорий этилди.
Тегишли ўзгартиришлар 2026 йил 2 ноябрдаги ЎРҚ-1186-сонли қонун билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига киритилган қўшимча ва ўзгартишларда назарда тутилган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришларга кўра, ер участкаларини ажратиш, объектларни лойиҳалаштириш ва қуриш, реконструкция қилиш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш жараёнларида хулоса берувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар фаолиятига мансаб ваколатларидан фойдаланган ҳолда ноқонуний аралашиш учун 100 баравардан 150 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси белгиланади.
Автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида истеъмолчиларга суюлтирилган углеводород газини маиший газ баллонларида бериш учун 3 баравардан 5 бараваргача БҲМ миқдорида жарима назарда тутилган.
Шунингдек, бозорлар, савдо комплекслари ва савдо-кўнгилочар марказлари мулкдорларининг ёнғин оқибатида учинчи шахсларнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилиши мумкин бўлган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш, шунингдек, объектларнинг ўзини ёнғиндан мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятларни бажармаслиги учун ҳам жавобгарлик белгиланди.
Бундай қоидабузарлик учун мансабдор шахсларга 50 баравардан 75 бараваргача БҲМ миқдорида жарима солинади.
Қонунчиликда белгиланган ёнғин аудитини ўтказиш талаблари ва шартларини бузганлик учун фуқароларга 15 баравар, мансабдор шахсларга эса 30 баравар БҲМ миқдорида жарима қўлланилади.