Иқтисод

Самарқанд ва Бухоро ўртасида пуллик автомобиль йўли қурилади

Самарқанд ва Бухоро ўртасида пуллик автомобиль йўли қурилади
Самарқанд ва Бухоро ўртасида пуллик автомобиль йўли қурилади / Фото: Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасида цемент-бетон қопламали пуллик автомобиль йўлини қуриш режалаштирилмоқда. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, янги трасса шаҳарлар ўртасидаги йўл вақтини беш соатдан бир ярим соатгача қисқартириш имконини беради.

Қурилиш режалари ҳақида президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.

Шунингдек, мазкур йўналишда тезюрар поездлар учун янги темир йўл тармоғини қуриш ҳам назарда тутилган. Президент масъул идораларга автомобиль ва темир йўл лойиҳаларининг мастер-режаларини ишлаб чиқишни якунлаш ҳамда салоҳиятли ҳамкорлар билан музокараларни бошлашни топширди.

Йиғилишда вилоят йўл инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган бошқа лойиҳалар ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, жорий йилда Бухоро орқали ўтувчи А-380 автомобиль йўлини реконструкция қилиш ишларини якунлаш режалаштирилган.

2027 йилда эса вилоят ҳудудидаги М-37 трассасининг 69 километрлик қисмини модернизация қилиш бошланади. Қиймати 200 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида Бухоро шаҳри атрофида узунлиги 4,5 километр бўлган айланма йўл ҳам қурилади.

Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш транспорт қатновини яхшилаш ва вилоятнинг транспорт жиҳатидан қулайлигини оширишга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.