Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини илмий ўрганиш билан шуғулланадиган Ўзбекистон тадқиқотлари маркази ташкил этилди.
Марказ Марказий Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишланган IX халқаро симпозиум доирасида очилди. Бу ҳақда «Тараққиёт стратегияси» маркази хабар берди.
«Тараққиёт стратегияси» маркази янги тадқиқот марказига Ўзбекистондаги ислоҳотлар ҳақидаги адабиётлар ва таҳлилий нашрларни тақдим этди.
Симпозиумда «Тараққиёт стратегияси» маркази ижрочи директори Элдор Туляков Ўзбекистонда рақамли давлат бошқаруви соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Хитой билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маъруза қилди.
Унинг маълумотларига кўра, my.gov.uz порталидаги давлат хизматлари сони 2024 йилдаги 525 тадан 2026 йил август ҳолатига 905 тага етган. БМТнинг 2024 йилги Электрон ҳукуматни ривожлантириш рейтингида Ўзбекистон 63-ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон 2030 йилга қадар давлат хизматларининг 90 фоиздан ортиғини онлайн шаклга ўтказиш ва электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича дунёнинг етакчи 30 та мамлакати қаторига киришни мақсад қилган.
Маърузада Ўзбекистон ва Хитойнинг рақамли соҳадаги қўшма ташаббусларига оид таклифлар ҳам илгари сурилди. Хусусан, интеграциялашган давлат хизматларини жорий этиш, «Электрон ипак йўли» доирасида ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш ва мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.