Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда бўлиб ўтган Миллий ёшлар ядро мулоқоти иштирокчилари атом тармоғининг бўлажак мутахассисларини амалий тайёрлаш имкониятларини кенгайтиришни таклиф қилди. Илгари сурилган ташаббуслар орасида қисқа муддатли стажировкаларни ташкил этиш, турли олий таълим муассасалари талабаларига АЭС ўқув тренажёрларидан фойдаланиш имконини бериш ва атом технологиялари ҳақида ягона ахборот ресурсини яратиш бор.
Мулоқот Impact Team 2050 халқаро ташаббуси доирасида бўлиб ўтди. Унда талабалар, ёш олимлар, тармоқ ташкилотлари, тегишли идоралар, олий таълим муассасалари ва ёшлар бирлашмалари вакиллари иштирок этди. Тармоқ раҳбарлари билан очиқ суҳбатдан сўнг иштирокчилар муҳокамани гуруҳларда давом эттирди. Гуруҳларда таълим, касбий ўсиш, касбга йўналтириш, ҳудудий инфратузилма ва жамиятнинг атом энергетикасига муносабати масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокаманинг асосий мавзуларидан бири ўқиш давридаёқ амалий тажриба орттириш имконияти бўлди.
– Иштирокчилар икки-тўрт ҳафталик қисқа муддатли стажировкаларни таклиф қилди. Бундай формат талабаларга назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш ва соҳага ихтисослашган ташкилотлар фаолияти билан яқиндан танишиш имконини беради. Ёшлар бундай тажрибани хорижда, бевосита атом электр станцияларида ҳам орттиришни истайди. Бундай истакларни бакалавриатни тугатишимдан олдин ҳам эшитганман, ҳозир ҳам эшитяпман. Менимча, бу ёшларнинг касбий ривожланишга ва амалий тажриба орттиришга қизиқишини кўрсатади, – деди Impact Team 2050 Халқаро ёшлар маслаҳат кенгаши аъзоси Мухиддин Умидов.
Шу мақсадда бошқа муҳандислик олий таълим муассасалари талабаларига «ММФИ» Миллий тадқиқот ядро университетининг Тошкент филиалидаги ўқув тренажёрларидан фойдаланиш имконини бериш ҳам таклиф қилинди.
Ҳудудлардаги ёшлар учун атом тармоғидаги касблар ҳақида маълумот олиш имконияти алоҳида муҳокама қилинди. Умидовнинг сўзларига кўра, иштирокчилар тармоқ билан яқиндан танишиш ва амалий тажриба орттириш масалаларини кўтарган. Касбга йўналтиришга мисол сифатида у Жиззахда мактаб ўқувчилари ва ёшлар билан ўтказилган учрашувларни келтириб, бундай ишларни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Иштирокчилар ёшларнинг атом тармоғидаги касблар ҳақида хабардорлигини ошириш масаласига ҳам тўхталди. Таклифлар орасида тармоқ янгиликлари ва техник маълумотларни жамлайдиган ягона ахборот ресурсини яратиш ҳамда мураккаб мавзуларни янада тушунарли тарзда изоҳлаш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ғояларига алоҳида эътибор берилди.
Учрашувнинг очиқ қисмида «Ўзатом» агентлиги директори Азим Аҳмедхўжаев мамлакатда ривожланаётган атом энергетикаси учун кадрлар тайёрлаш зарурлигига тўхталди.
– Бугун Ўзбекистон атом энергетикаси ривожланишнинг муҳим босқичида. Биз мамлакат учун мутлақо янги, юқори технологияли тармоқни шакллантирмоқдамиз: кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз, халқаро ҳамкорликни кенгайтирмоқдамиз ва айни пайтда кадрлар тайёрлаш миллий тизимини барпо этмоқдамиз. Аммо ҳар қандай технология ортида одамлар туради, – деди Азим Аҳмедхўжаев.
Ёшларнинг таклифлари гуруҳларда ишлаш чоғида ва онлайн сўров орқали тўпланди. Айни пайтда ташкилотчилар мулоқот материаллари ҳамда иштирокчиларнинг таклифларини умумлаштирмоқда.
– Ихтиёримизда онлайн сўров анкеталари ва ишчи гуруҳларнинг тақдимотлари бор. Асосий таклифларни ажратиб олиш учун тўпланган маълумотларни диққат билан ўрганмоқдамиз. Биз учун ёшларнинг фикрларини инобатга олиш ва улар кўрсатган тўсиқларни аниқлаш муҳим. Ушбу иш натижалари асосида ёшларнинг касбий имкониятларини кенгайтириш ҳамда уларнинг атом энергетикаси ҳақида хабардорлигини ошириш бўйича тавсиялар тайёрлашни режалаштирмоқдамиз, – деди Мухиддин Умидов.
Impact Team 2050нинг умумий йўл харитасини тайёрлашда ўзбекистонлик иштирокчиларнинг таклифларини ҳам инобатга олиш режалаштирилган. Ҳужжатда турли мамлакатларда ўтказилган ёшлар ядро мулоқотлари натижалари ҳамда атом тармоғидаги касбларни танлашда учрайдиган тўсиқларни бартараф этиш бўйича тавсияларни жамлаш кўзда тутилган. Ҳужжатни 9–20 ноябрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича COP31 конференцияси доирасидаги учрашувда «Росатом» бош директори Алексей Лихачёвга тақдим этиш режалаштирилган.