Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президентининг ёқилғи-энергетика комплекси масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Нарматов ва энергетика вазири Шерзод Хўжаев бошчилигидаги делегация Озарбайжоннинг SOCAR компаниясига тегишли энергетика объектларига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Ташриф 27 ноябрь куни бўлиб ўтди. SOCAR президенти Ровшан Нажаф билан биргаликда Ўзбекистон вакиллари «Азеригаз» ишлаб чиқариш бирлашмасининг бошқарув ва назорат марказида бўлди.
У ерда делегацияга «Ақлли газ тармоғи» лойиҳаси, газ тақсимотини бошқариш воситалари ҳамда қўлланилаётган рақамли ечимлар намойиш этилди.
Ташриф иштирокчилари газ таъминотини рақамлаштириш, табиий газ ҳисобини такомиллаштириш ва йўқотишларни камайтириш масалаларини муҳокама қилди. Газ тақсимлаш инфратузилмаси фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шундан сўнг делегация SOCAR Downstream Management компаниясига ташриф буюрди. Томонлар нефтьни қайта ишлаш ва нефть-кимё саноатини ривожлантириш, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлигини ошириш бўйича фикр алмашди.
Дастурнинг навбатдаги манзили SABAH.city инновация маркази бўлди. Марказ вакиллари меҳмонларни SOCAR компаниясининг саноат корхоналарида инновациялар ва рақамли технологияларни жорий этишга оид ёндашувлари билан таништирди.
Бундан ташқари, делегацияга SOCAR Green компанияси фаолиятининг асосий йўналишлари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш истиқболлари тақдим этилди.