7
Ўзбекистон

Сенат давлат сирларини ҳимоя қилишга оид тузатишларни маъқуллади

Сенат давлат сирларини ҳимоя қилишга оид тузатишларни маъқуллади
Сенат давлат сирларини ҳимоя қилишга оид тузатишларни маъқуллади / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Сенати давлат сирларини ҳимоя қилиш ва киберхавфсизлик масалаларини тартибга солувчи қонунчиликка киритилган ўзгартиришларни маъқуллади.

Қонун парламент юқори палатасининг 21-ялпи мажлисида кўриб чиқилди. У «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Ҳужжатга мувофиқ, мазкур қонуннинг амал қилиши ахборотни ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор йўналишларга татбиқ этилмайди. Улар қаторига ахборотлаштириш объектлари ва муҳим ахборот инфратузилмаси объектларини аттестациядан ўтказиш, ахборотни ҳимоя қилиш ва киберхавфсизликни таъминлаш воситаларини сертификатлаш, шунингдек, давлат сирларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш киради.

Муҳокама давомида таъкидланганидек, давлат бошқаруви ва бошқа муҳим соҳаларда рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламининг кенгайиши ахборот тизимларини ҳимоя қилиш, давлат сирларини муҳофаза этиш ва кибертаҳдидларнинг олдини олиш аҳамиятини оширмоқда.

Сенаторларнинг баҳолашича, киритилаётган ўзгартиришлар тегишли жараёнларни махсус қонунчилик асосида тартибга солиш ва ҳуқуқий ноаниқликларни бартараф этиш имконини беради.

Шунингдек, ўзгартиришлар давлат хавфсизлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.