7
Ўзбекистон

Мактаблар ва шифохоналар эрта никоҳ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беради

Мактаблар ва шифохоналар эрта никоҳ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беради
Мактаблар ва шифохоналар эрта никоҳ ва зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар беради / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мактаблар, тиббиёт муассасалари, ФҲДЁ органлари, маҳаллалар ва Ўзбекистондаги диний ташкилотлар аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик, эрта никоҳ ҳамда 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига зудлик билан хабар беришлари шарт.

Вазирлар Маҳкамаси 25 ноябрдаги қарори билан тегишли «Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари тўғрисида хабардор қилиш тартиби ҳақидаги низом»ни тасдиқлади. Бу ҳақда қарорда маълум қилинган.

Мактаблар қандай ҳолатлар ҳақида хабар бериши керак?

Таълим ташкилотлари ички ишлар органларини ўқувчилар томонидан содир этилган ёки уларга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақида хабардор қилади. Шунингдек, жароҳатлар, кўкаришлар ва зўравонлик ёки шафқатсиз муносабатнинг бошқа белгилари аниқланган ҳолатлар ҳақида ҳам хабар бериши лозим.

16 ёшга тўлмаган қизларда эрта ҳомиладорлик аломатлари ва эрта турмуш қуриш хавфи, жумладан, фотиҳа қилингани ҳақидаги маълумотлар ҳам хабар бериш учун асос бўлади. Шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар боланинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид қилаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳам тегишли органларга етказилиши керак.

Мактаблар «Инсон» марказларига ўқувчиларга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, тан жароҳатлари, зўравонлик белгилари, эрта турмуш қуриш хавфи ва 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳақида хабар беради. Шунингдек, ўқувчи қизларнинг узрли сабабларсиз узоқ вақт дарсларга келмаслиги эрта никоҳ, ҳомиладорлик ёки унинг ҳуқуқларини камситувчи бошқа ҳолатлар билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлса, бу ҳақда алоҳида маълумот бериш талаб этилади.

Бундан ташқари, «Инсон» марказларига боланинг хулқ-атворидаги хавотирли ўзгаришлар, оиладаги хавфли муҳит, вояга етмаганларнинг спиртли ичимликлар ёки бошқа моддалардан заҳарланиши ҳақидаги маълумотлар ҳам етказилади. Оила аъзолари аёлларнинг эркинлигини, ҳаракатланишини, пул маблағлари ва алоқа воситаларидан фойдаланиш имкониятини мунтазам равишда чеклаётган ҳолатлар ҳақида ҳам хабар бериш лозим.

Тиббиёт муассасалари қандай ҳолатлар ҳақида хабар бериши керак?

Тиббиёт муассасалари жароҳат олган ёки ҳушсиз ҳолатдаги беморлар бўйича, агар ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари эҳтимолий ҳуқуқбузарликдан далолат берса, ички ишлар органларига маълумот тақдим этади. Бундай ҳолатлар рўйхатига ўқотар қуролдан етказилган жароҳатлар, санчилган ва кесилган яралар, бош ва тана жароҳатлари, суяк синиши, гематомалар, куйишлар, бўғиш, асфиксия ва заҳарланиш белгилари киради.

Шунингдек, тиббиёт ходимлари 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги, туғруғи ёки аборт қилдириши, аёлларга нисбатан зўравонлик ва вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонликнинг тиббий белгилари, зўравонликнинг жисмоний ва психологик оқибатлари, шунингдек, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавф туғдирадиган оилавий-маиший зўравонлик ҳолатлари ҳақида хабар бериши шарт.

Агар жароҳат олган ёки ҳушсиз ҳолатдаги вояга етмаган шахс тиббиёт муассасасига мурожаат қилса ёки олиб келинса, бу ҳақда тиббиёт муассасалари «Инсон» марказларини хабардор қилиши керак. Худди шу талаб 16 ёшга тўлмаган қизларнинг ҳомиладорлиги, туғруғи ёки аборт қилдириши, шунингдек, боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи оилавий-маиший зўравонлик ҳолатларига нисбатан ҳам амал қилади.

ФҲДЁ органлари, маҳаллалар ва диний ташкилотлар

ФҲДЁ органлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун 16 ёшга тўлмаган шахс мурожаат қилган ёки янги туғилган боланинг онаси ушбу ёшга етмаган бўлса, ички ишлар органлари ва «Инсон» марказларига хабар беради.

Маҳаллалар вояга етмаган қизларда эрта ҳомиладорлик белгилари ва эрта турмуш қуриш хавфи, қизларнинг хулқ-атворидаги хавотирли ўзгаришлар, оилада уларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдидлар, шунингдек, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органларини хабардор қилади. Эрта ҳомиладорлик, эрта никоҳ хавфи, оиладаги хавфли муҳит ва зўравонлик ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар «Инсон» марказларига ҳам юборилади.

Диний ташкилотлар никоҳ ёшига етмаган шахс билан диний никоҳ маросимини ўтказиш учун мурожаат қилинган тақдирда, бу ҳақда ички ишлар органлари ва «Инсон» марказларига хабар беришлари шарт.

Хабарлар қандай тартибда юборилади?

Маълумотлар зудлик билан юборилиши керак. Ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилингунига қадар ташкилотлар Ички ишлар вазирлигининг 102 ёки 112 рақамлари орқали диспетчерлик хизматларига қўнғироқ қилиши мумкин.

Қарорда тиббиёт ва бошқа идораларнинг ахборот тизимларини Ички ишлар вазирлигининг E-material тизими ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ахборот тизими билан интеграция қилиш назарда тутилган. Агар қўйилган ташхис ҳуқуқбузарлик аломатларига мос келса, тиббиёт муассасалари хабарларни автоматик равишда юборади. Бундай ташхислар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан тасдиқланади.

2026 йил март ойида Президент фармони билан вояга етмаганларни никоҳга мажбурлаш ва бундай никоҳларни тарғиб қилиш учун маъмурий жавобгарлик жорий этилган эди.

Ўша вақтда эрта никоҳларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам тасдиқланган. Хусусан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ФҲДЁ органлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, шунингдек, диний ташкилотлар вакилларига эрта никоҳлар ва 16 ёшгача бўлган қизларнинг ҳомиладорлиги ҳақида ички ишлар органлари ҳамда «Инсон» марказларига хабар бериш мажбурияти юклатилган эди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.