Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги делегация ишчи ташриф билан АҚШнинг Сиэтл шаҳрида бўлиб турибди. Ташриф биродар шаҳарлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Ўзбекистон Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Сиэтлдаги бинолар ва шаҳар объектлари миллий байроғимиз рангларида ёритилди. Шу тариқа, шаҳар ўзбек делегациясини қутлаб, Тошкент билан кўп йиллик алоқаларини эътироф этди.
Тошкент ва Сиэтл 1973 йилда биродар шаҳарлар мақомини олган. 1974 йилда Капитол-Ҳилл ҳудудида «Тошкент» боғи очилган бўлиб, у ҳанузгача шаҳар аҳолиси учун дам олиш маскани бўлиб хизмат қилмоқда.
Делегация боғга ташриф буюриб, уни сақлаш ва тарихий меросини асраб-авайлаш билан шуғулланувчи «Тошкент боғи дўстлари» жамоат гуруҳи аъзолари билан учрашди.
Шунингдек, Тошкент вакиллари Lumen Field стадионида бўлди. Ушбу аренада 2026 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатининг олтита учрашуви ўтказилди.
Стадион мутахассислари йирик спорт тадбирларини ташкил этиш тажрибаси билан ўртоқлашди. Жумладан, улар йил давомида аренадан фойдаланиш ва унинг тадбирлар тақвимида футбол учрашувлари, бошқа спорт мусобақалари, фестиваллар, концертлар ҳамда оилавий тадбирларни уйғунлаштириш ҳақида маълумот берди.
Маданий дастур доирасида делегация Осиё жаҳон кинофестивали ташкилотчилари билан учрашди.
Тошкент вакиллари ҳамкасбларини Тошкент халқаро кинофестивалида иштирок этишга таклиф қилди.
Томонлар, шунингдек, «Тошкент — фестиваллар шаҳри» ташаббуси доирасида халқаро экспертлар тажрибасини жалб қилиш ва пойтахтда фестиваль саноатини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Хабарда қайд этилишича, ташрифга тайёргарлик ишларини Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси жамоаси таъминлаган.
Дипломатик ваколатхона 2026 йил март ойида бош консул Ахрор Бурхонов раҳбарлигида ўз фаолиятини бошлаган.