Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Рақобат қўмитаси 27 та концерт рекламасида ижро шакли — жонли ижро ёки фонограмма эканлиги кўрсатилмаганини аниқлади. Реклама берувчиларга огоҳлантиришлар юборилди.
Қўмита маълумотларига кўра, қоидабузарликлар Instagram тармоғидаги эълонлар ва ташқи реклама объектларини мониторинг қилиш жараёнида аниқланган.
Хусусан, Лолита, Ани Лорак, Mayot, Николай Фоменко, Иззат Шукуров, «Уммон» гуруҳи, Райҳон Ғаниева ва Ғайбулла Турсунов концертларининг Instagram тармоғидаги рекламаларида тегишли маълумотлар мавжуд бўлмаган.
Шунга ўхшаш қоидабузарликлар Toxi$, «Машина времени» гуруҳи ва Отар Кушанашвили иштирокидаги дастурларнинг ташқи рекламаларида ҳам аниқланган.
Қўмита реклама берувчиларга материалларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш тўғрисида огоҳлантиришлар юборди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 8 апрелдаги 207-сон қарорига мувофиқ, рекламада ижро шакли аниқ кўрсатилиши шарт. Бунинг учун «Жонли ижро», «Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли ижро» ёки «Фонограмма билан концерт дастури» каби иборалардан фойдаланиш белгиланган.
«Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 44-моддаси фонограммадан фойдаланиш даражасини мажбурий тарзда кўрсатишни назарда тутади. Ташқи рекламаларда бундай маълумот реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши керак. Бундан ташқари, ташкилотчилар томоша бошланишидан олдин фонограммадан фойдаланилиши ҳақида аудиоэълон берилишини таъминлаши шарт.
«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддаси ҳам концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланилиши ҳақида томошабинларни хабардор қилишни талаб этади.
Қўмита концерт ташкилотчилари ва реклама берувчиларни реклама материалларида ижро шаклини кўрсатишга ҳамда қонунчилик талабларига риоя қилишга чақирди.
Идора келгусидаги мониторинг жараёнида қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, қонунда белгиланган чоралар қўлланилишидан огоҳлантирди.