Иқтисод

Ўзбекистон ва Бразилия агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Бразилия агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Бразилия агросаноат соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди / Фото: APVO.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 17 ноябрь куни Ўзбекистон ва Бразилия вакиллари ўсимлик ёғлари ишлаб чиқариш, соя етказиб бериш ва биологик ёқилғи соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Музокараларни Марказий Осиё ўсимлик ёғлари ишлаб чиқарувчилари ассоциацияси (APVO) раиси, доктор Ойбек Зуфаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ўтказди.

Учрашувда Ҳиндистон-Бразилия савдо-саноат палатаси бош директори Паулу Энрике де Оливейра Азеведу, шунингдек, Бразилиянинг Binatural ва Minerva Biodiesel компаниялари вакиллари иштирок этди.

Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири Ўзбекистон корхоналарини хомашё билан таъминлаш мақсадида Бразилиядан соя дуккакларини импорт қилиш имконияти бўлди.

Томонлар, шунингдек, Бразилия тажрибасини ўрганиш ва биологик ёқилғи, жумладан, биодизель ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш имкониятларини кўриб чиқди.

Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши сифатида ёғ-мой саноатини ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Музокара иштирокчилари технологиялар алмашинуви ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.