Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 18 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқати соҳасидаги тадқиқотлар натижалари: миллий амалиёт ва халқаро тажриба» мавзусида экспертлар давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси 12-моддаси талабларига мувофиқлиги, хусусан, муомалага лаёқатсиз деб топилган ёки муомала лаёқати чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Давра суҳбати Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, тегишли вазирлик ва идоралар, ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, миллий ва халқаро экспертлар иштирок этди.
Тадбирда асосий эътьибор БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ташаббуси билан ўтказилган тадқиқот натижаларини тақдим этиш ва муҳокама қилишга қаратилди.
Маълумки, Ўзбекистон 2021 йилда БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилган. Шу билан бирга, Конвенциянинг «Қонун олдида тенглик» деб номланган 12-моддасига нисбатан изоҳ билдирган.
Мазкур модда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётнинг барча соҳаларида бошқалар билан тенг равишда ҳуқуқ субъекти сифатида эътироф этилишини, ҳуқуқ лаёқатига эга бўлишини ҳамда ўз ҳуқуқ лаёқатини амалга оширишда зарур ёрдам ва кўмакдан фойдаланиш имкониятига эга бўлишини кафолатлайди.
Тадқиқотда ушбу халқаро стандартларни миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига татбиқ этиш имкониятлари, мавжуд ҳуқуқий ва институционал механизмларни такомиллаштириш зарурати, шунингдек, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ислоҳотлар таҳлил қилинган.
Тадбирнинг очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исаков ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича Минтақавий бўлими Ўзбекистондаги миллий дастурлар координатори Ильдар Файзуллин сўзга чиқди.
Давра суҳбати доирасида миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб жиҳатлари, шунингдек, халқаро стандартлар асосида уларни такомиллаштириш истиқболлари юзасидан маърузалар тингланди.
Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг «Sharoit Плюс» нодавлат нотижорат ташкилоти бошқаруви аъзоси Дилмурод Юсупов «Ўзбекистон Республикасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг муомала лаёқатини белгилашнинг ҳуқуқий тартибга солиниши ва амалий жиҳатлари» мавзусида маъруза қилди.
Маърузада фуқароларни муомалага лаёқатсиз деб топиш ва муомала лаёқатини чеклаш билан боғлиқ миллий қонунчилик нормалари ҳамда уларни амалда қўллаш масалалари таҳлил қилинди. Шунингдек, ушбу жараёнларда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ жиҳатларга эътибор қаратилди.
Ногиронлик масалалари бўйича халқаро эксперт Янина Арсеньева (Эстония) «Муомала лаёқатидан маҳрум қилинган ёки муомала лаёқати чекланган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба: Ўзбекистон учун қисқа ва узоқ муддатли тавсиялар» мавзусидаги маъруза билан иштирок этди.
Халқаро эксперт турли давлатларнинг илғор тажрибасини тақдим этиб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ лаёқати ва муомала лаёқатини таъминлаш, қарор қабул қилишда қўллаб-қувватлаш механизмларини ривожлантириш ҳамда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича тавсияларни илгари сурди.
Муҳокамалар давомида ногиронлиги бўлган шахсларнинг мустақил қарор қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг хоҳиш-иродаси ва истакларини ҳурмат қилиш ҳамда зарур ҳолларда тегишли ёрдам кўрсатиш механизмларини амалиётга жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, қарор қабул қилишда ахборотни шахс учун тушунарли ва фойдаланиш имконияти қулай шаклда тақдим этиш; қабул қилинаётган қарорнинг мазмуни ва ҳуқуқий оқибатларини англашда ёрдам бериш; шахсга ўз хоҳиш-иродаси ва истакларини эркин ифода этишида кўмаклашиш; ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини мустақил амалга ошириш ҳамда ҳимоя қилиш имкониятларини кенгайтиришни назарда тутиши мумкинлиги қайд этилди.
Бундай механизмлар, айниқса, мол-мулкни бошқариш ва тасарруф этиш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, шунингдек, судларда ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ вазиятларда муҳим аҳамият касб этади. Зекро, асосий вазифа шахснинг ўрнига қарор қабул қилиш эмас, балки унинг мустақил қарор қабул қилиши учун зарур ҳуқуқий, ташкилий ва институционал шароитларни яратишдан иборат.
Давра суҳбати якунида тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган тавсияларни амалга ошириш, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришнинг кейинги босқичлари юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси томонидан ишчи гуруҳ ташкил этиш ташаббуси муҳокама қилинди. Ушбу ишчи гуруҳ фаолиятига ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг манфаатларини ифодаловчи ташкилотларни кенг жалб этган ҳолда, миллий қонунчилик ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига тегишли ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, тадқиқотда илгари сурилган тавсиялар Ўзбекистоннинг Конвенциянинг 12-моддасига билдирган изоҳини олиб ташлаш масаласини келгусида атрофлича ўрганиш ва муҳокама қилиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Тадбирда билдирилган таклиф ва тавсиялар ушбу йўналишда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш ҳамда уларнинг жамият ҳаётидаги тўлақонли иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.