7
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Жанубий Корея таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради

Ўзбекистон ва Жанубий Корея таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради
Ўзбекистон ва Жанубий Корея таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради / Фото: Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Корея Республикаси таълим соҳасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини, жумладан, педагог кадрлар тайёрлаш, талабалар алмашинуви ва қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Музокаралар Ўзбекистон парламент делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Делегацияга Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева раҳбарлик қилмоқда.

EduLink компанияси директори Хан Чонг Рим билан учрашувда томонлар мактабгача таълим сифатини ошириш, хорижий тилларни ўқитишнинг замонавий методикаларини жорий этиш ва педагоглар малакасини ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Учрашувда тақдим этилган маълумотларга кўра, компаниянинг таълим дастурлари туфайли Ўзбекистондаги боғчаларнинг 3,5 минг нафар тарбияланувчиси инглиз тилини ўрганмоқда. Яна қарийб 3 минг нафар педагог малака ошириш курсларидан ўтган.

«Янги авлод» мактабгача таълим ташкилотларида илғор методикаларни жорий этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчилар ўқитувчиларни тайёрлаш ва улар учун ихтисослаштирилган ўқув курсларини ташкил этиш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Шинхан университети президенти Кан Сон Жон билан музокараларда Ўзбекистон таълим тизимидаги ислоҳотлар, халқаро стандартларни ҳисобга олган ҳолда олий таълимни ривожлантириш, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинувини кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон олий таълим муассасалари талабаларини Шинхан университетининг халқаро ҳамкорлик тармоғига жалб этиш бўйича таклифларни кўриб чиқди. Бундан ташқари, қўшма илмий ва маърифий тадбирлар ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Музокараларнинг яна бир йўналиши тиббиёт мутахассисларини, жумладан, ҳамширалик иши соҳасидаги кадрларни тайёрлаш бўлди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.