Ўзбекистон

Ўзбекистон Бош консули Мадина амири билан учрашди

Ўзбекистон Бош консули Мадина амири билан учрашди
Ўзбекистон Бош консули Мадина амири билан учрашди / Фото: «Дунё» АА.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консули Сирожиддин Шамсутдинов Мадина минтақаси амири шаҳзода Салмон бин Султон Ол Сауд билан учрашди. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида минтақалараро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Учрашув давомида Саудия томони Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Шунингдек, Мадинадаги қурилиш лойиҳаларида иштирок этаётган, саноат ва умумий овқатланиш соҳаларида ўз бизнесини ривожлантираётган ўзбекистонлик тадбиркорларнинг фаолияти ижобий баҳоланди.

Музокараларда зиёрат туризми масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Умра ва зиёратни амалга ошириш учун Мадинага ташриф буюрадиган Ўзбекистон фуқароларига қулай шароитлар яратиш масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Шаҳзода Салмон бин Султон Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади ҳамда томонлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.