Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент метрополитенининг «Чинор» бекатида йўловчилар сиғими юқори бўлган тўртта лифт ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди.
Метрополитен матбуот хизмати маълум қилишича, ҳар бир лифт бир вақтнинг ўзида 15–20 нафар йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, юк кўтариш қуввати 1 600 килограммни ташкил этади.
Аввалроқ метрополитеннинг ер усти бекатларида беш нафаргача йўловчига мўлжалланган лифтлардан фойдаланилган. Улар, асосан, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, ҳомиладор аёллар, болалар аравачаси билан ҳаракатланадиган ота-оналар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган бошқа фуқаролар учун мўлжалланган эди.
Метрополитен маъмурияти ушбу лифтлардан бошқа йўловчиларнинг фойдаланишини белгиланган қоидаларнинг бузилиши сифатида баҳолаган.
Энди «Чинор» бекатида йўловчилар каттароқ сиғимга эга лифтлардан фойдаланишлари мумкин. Матбуот хизмати хабарига кўра, келгусида шунга ўхшаш ускуналарни метрополитеннинг бошқа ер усти бекатларида ҳам ўрнатиш режалаштирилган.