Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва Загреб университети мутахассислар тайёрлаш, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Онлайн музокаралар Ўзбекистон элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Унда ФВВ академияси бошлиғи вазифасини бажарувчи Фурқат Назаров ҳамда Загреб университетининг Электротехника ва ҳисоблаш техникаси факультети декани, профессор Ведран Билас иштирок этди.
Томонлар академик ва илмий-таълим соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди. Жумладан, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда сунъий интеллект, робототехника ҳамда замонавий рақамли ечимлардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, музокаралар иштирокчилари муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш ва киберхавфсизликни таъминлаш масалаларига ҳам тўхталди.
Учрашув якунлари бўйича Загреб университети профессор-ўқитувчиларини ФВВ академиясининг таълим жараёнига жалб қилиш ҳамда ўзбекистонлик курсантлар учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари, мутахассисларнинг малакасини ошириш тадбирлари ва қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Эришилган келишувларни амалга ошириш учун томонлар масъул координаторларни белгилайди.