Ўзбекистон

Тошкентда 2027 йилда 100 та маҳалла янгиланади

Тошкентда 2027 йилда 100 та маҳалла янгиланади
Тошкентда 2027 йилда 100 та маҳалла янгиланади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳар ҳокимлиги «15 дақиқалик қулай муҳит» лойиҳаси тафсилотларини тақдим этди. Ушбу ташаббус турар жойлардан пиёда етиб бориш мумкин бўлган масофада ижтимоий ва маиший инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган.

Концепцияга кўра, боғчалар, мактаблар, поликлиникалар, маиший хизмат кўрсатиш объектлари ва дам олиш жойлари аҳоли яшаш манзилидан 15 дақиқалик пиёда масофада жойлашиши керак. Бу аҳолига кундалик юмушларга камроқ вақт сарфлаб, дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кўпроқ имконият яратиши кутилмоқда.

Лойиҳанинг асосий йўналишларидан бири ҳовли ҳудудларини ташкил этиш тартибини ўзгартириш бўлади. Автомобиллар учун тўхташ жойлари ва қатнов йўлларини ҳовлилар ташқарисига чиқариш, бўшаган ҳудудлардан сайр қилиш, ўйин ва дам олиш учун фойдаланиш режалаштирилган.

Маҳаллаларда хиёбонлар ва соя-салқин сайр йўлаклари барпо этиш, аҳолининг учрашувлари учун жамоат жойларини, шунингдек, болалар ва катталар учун ўйин ҳамда спорт майдончаларини ташкил қилиш ҳам кўзда тутилган.

Яна бир йўналиш ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришдан иборат. Боғчалар, мактаблар ва поликлиникаларни турар жой мавзеларига яқинроқ жойлаштириш орқали асосий хизматлардан уйга яқин ҳудудда фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш режалаштирилган.

Маҳалла кўчаларида хавфсизликни ошириш мақсадида видеокузатув тизимлари ва SOS тугмаларини ўрнатиш назарда тутилган. Улар орқали аҳоли фавқулодда вазиятларда ёрдам чақириши мумкин бўлади.

Лойиҳа доирасида 2027 йилда 100 та маҳаллани янгилаш, 2030 йилгача эса уларнинг умумий сонини 400 тага етказиш режалаштирилган.

Ҳокимлик таъкидлашича, ташаббус шаклланган қўшничилик алоқалари, ўзаро ҳурмат ва бир-бирига ёрдам бериш анъаналарини сақлаб қолган ҳолда, янада қулай ва хавфсиз шаҳар муҳитини яратишга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.