Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти делегацияси Беларусга ишчи сафари давомида гўшт ва сут саноатидаги илмий ишланмалар ҳамда замонавий технологиялар билан танишди.
Минск шаҳрида вилоят делегацияси вакиллари, жумладан, Фарғона вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси ходимлари Беларус Миллий фанлар академиясининг Гўшт-сут саноати институтига ташриф буюрди.
Беларуслик мутахассислар меҳмонларга институтнинг асосий илмий тадқиқот йўналишлари, лабораторияларининг имкониятлари ва ишлаб чиқариш жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, гўшт ва сут маҳсулотларини қайта ишлашда қўлланилаётган инновацион ечимлар намойиш этилди.
Учрашув иштирокчилари озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, қайта ишлашда замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Корхоналарда илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш ва соҳани модернизация қилишда халқаро тажрибадан фойдаланиш бўйича ҳам фикр алмашилди.
Беларус Миллий фанлар академиясининг Гўшт-сут саноати институти тегишли маҳсулотларни қайта ишлаш соҳасида илмий тадқиқотлар олиб боради, янги технологияларни ишлаб чиқади ва уларни саноат ишлаб чиқаришига жорий этади.
Беларус тажрибасини ўрганиш озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қайта ишлаш корхоналари самарадорлигини ошириш ва Фарғона вилоятида замонавий технологик ечимлардан фойдаланиш кўламини кенгайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда.