Иқтисод

Фарғона ва Минск вилоятлари бизнес-форумда 20 га яқин келишув имзолади

Фарғона ва Минск вилоятлари бизнес-форумда 20 га яқин келишув имзолади
Фарғона ва Минск вилоятлари бизнес-форумда 20 га яқин келишув имзолади / Фото: Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Минск шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-форум ва B2B форматидаги икки томонлама музокараларда Фарғона ва Минск вилоятлари ишбилармон доираларининг 200 га яқин вакили иштирок этди.

Учрашувлар якунида томонлар ҳамкорлик тўғрисида 20 га яқин битим ва меморандум имзолади.

Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Форум Беларус Савдо-саноат палатасининг Минск бўлими ҳамда Минск вилояти ижроия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

«Минск ва Фарғона вилоятлари: биргаликдаги ўсиш стратегияси» мавзусида ўтказилган форумнинг очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Ислом Мадаминов ва Минск вилояти ижроия қўмитаси ишлар бошқарувчиси Александр Логвин сўзга чиқди. Улар Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги ҳамкорлик ривожланаётгани, ҳудудлар ўртасидаги амалий алоқалар кенгайиб бораётганини таъкидлади.

Иштирокчиларга Беларусдаги ишбилармонлик муҳити, Фарғона вилоятининг иқтисодий ва саноат салоҳияти, шунингдек, хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.

Тадбиркорлар Фарғона вилоятидаги эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилди. Саноат кооперацияси, автомобилсозлик, тўқимачилик ва енгил саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат саноати истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

Форум доирасида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар ҳам бўлиб ўтди.

Имзоланган битим ва меморандумлар Фарғона вилояти маҳсулотлари экспортини кенгайтириш, Беларус технологиялари ва инвестицияларини жалб этиш, шунингдек, ўзаро маҳсулот етказиб беришни ривожлантиришни назарда тутади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.