Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Ventures NVIDIA VC Alliance дастурига қўшилди ва Notion for Startups дастурининг ҳамкорига айланди.
Янги ҳамкорликлар фонд портфелидаги стартапларга маҳсулотлар ишлаб чиқиш, жамоавий ишни ташкил этиш ва бизнесни кенгайтириш учун қўшимча имкониятлар тақдим этади.
NVIDIA VC Alliance доирасида IT Park Ventures ўз портфелидаги компанияларни сунъий интеллект соҳасидаги стартапларга мўлжалланган NVIDIA Inception дастурида иштирок этиш учун тавсия қилиш имкониятига эга бўлади.
NVIDIA Inception иштирокчилари NVIDIA ишлаб чиқиш воситалари ва ўқув материаллари, техник маслаҳатлар, бозорга чиқиш учун ресурслар, булутли хизматлардан фойдаланиш кредитлари, шунингдек, ҳамкорларнинг махсус нархлари ва таклифларидан фойдаланишлари мумкин.
IT Park Ventures томонидан тавсия этилган стартапларнинг аризалари тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилади. Бироқ дастурга қабул қилиш бўйича якуний қарорни NVIDIA қабул қилади.
Дастур 10 йилдан кам вақт олдин ташкил этилган ва рўйхатдан ўтган AI-стартапларга мўлжалланган. Бундай стартаплар жамоасида асосчидан ташқари камида битта дастурчи бўлиши керак. Консалтинг компаниялари, буюртма асосида дастурий маҳсулот ишлаб чиқувчи студиялар, булутли хизматлар провайдерлари, реселлерлар ва криптовалюта компаниялари дастурда иштирок этиш талабларига жавоб бермайди.
Notion билан тузилган иккинчи ҳамкорлик стартапларга Notion AI функцияси киритилган Notion Business тарифидан олти ой давомида бепул фойдаланиш имконини беради. Ушбу сервисдан лойиҳаларни бошқариш, билимлар базасини яратиш ва ҳамкорликдаги ишни ташкил этиш учун фойдаланиш мумкин.
Таклиф ходимлари сони 100 нафардан кам бўлган, аввал Notion’нинг пуллик обунасидан фойдаланмаган ва дастурнинг бошқа талабларига жавоб берадиган стартапларга тааллуқли. Ҳар бир ариза алоҳида кўриб чиқилади.
Ҳар икки имкониятдан фақат IT Park Ventures портфелидаги компаниялар фойдаланиши мумкин. Иштирок этиш шартлари ва ариза топшириш тартиби ҳақида батафсил маълумот олиш учун стартаплар фонд жамоасига мурожаат қилиши керак.
IT Park Ventures, шунингдек, фонд портфелидан жой олиш ва халқаро қўллаб-қувватлаш дастурларидан фойдаланиш учун стартапларни инвестицияга ариза топширишга таклиф қилмоқда.