Ўзбекистон

Ўзбекистонда «Умра» зиёратини ташкил этишдаги икки фирибгарлик ҳолати фош этилди

Ўзбекистонда «Умра» зиёратини ташкил этишдаги икки фирибгарлик ҳолати фош этилди
Ўзбекистонда «Умра» зиёратини ташкил этишдаги икки фирибгарлик ҳолати фош этилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Андижон ва Фарғона вилоятларида Саудия Арабистонига «Умра» зиёратини ташкил этиш баҳонасида ноқонуний пул йиғиш билан боғлиқ икки ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) хабар берди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 12 октябрдаги 668-сон қарорига мувофиқ, «Умра» зиёратига бориш сафарларини фақат тегишли лицензияга эга ташкилотлар ташкил этиши мумкин. Ушбу талаб зиёратчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг хавфсизлигини ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини таъминлашга қаратилган.

Биринчи ҳолат Андижон шаҳрида қайд этилди. ДХХ маълумотларига кўра, зарур лицензияга эга бўлмаган турфирма ходими 1999 йилда туғилган Балиқчи тумани яшовчисидан унинг тўрт нафар қариндошини Саудия Арабистонига зиёратга юборишни ташкил этиш учун 4 400 доллар талаб қилган.

ДХХ ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида фирма вакили талаб қилинган пулни олаётган вақтда ушланган.

Иккинчи ҳолат Фарғона вилоятида аниқланди. 2007 йилда туғилган Тошлоқ тумани яшовчиси Фарғона шаҳридаги икки нафар фуқарога Наманган вилоятида фаолият юритувчи турфирма орқали «Умра» зиёратини ташкил этишни таклиф қилган. Бунинг учун у 2 100 доллар талаб қилган.

Идора маълумотига кўра, у 1 000 доллар миқдоридаги олдиндан тўловни олаётган вақтда ушланган. Тезкор тадбир ДХХ ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган.

Ҳар икки ҳолат бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.