7
Ўзбекистон

Ўзбекистон ва Бангладеш эркин савдо тўғрисидаги битимни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Бангладеш эркин савдо тўғрисидаги битимни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Бангладеш эркин савдо тўғрисидаги битимни муҳокама қилди / Фото: Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги..

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Бангладеш икки томонлама товар айланмаси ҳамда инвестициялар ҳажмини оширишга хизмат қилиши мумкин бўлган эркин савдо тўғрисидаги битимни тузиш имкониятини муҳокама қилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоевнинг Бангладеш ташқи ишлар бўйича давлат вазири Ҳумоюн Кабир билан учрашуви 18 октябрь куни Бағдодда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 52-сессияси доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бангладеш Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестициявий ҳамкорлик ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш истиқболларини кўриб чиқди.

Тадбиркорлар ўртасидаги тўғридан-тўғри ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали савдони фаоллаштириш ва инвестицияларни жалб қилиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар мавзуларидан бири эркин савдо тўғрисидаги битим (FTA) тузиш истиқболи бўлди. Томонлар баҳосига кўра, ушбу йўналишни ривожлантириш бозорларга кириш имкониятларини кенгайтириши ва Ўзбекистон билан Бангладеш ўртасидаги тижорат алоқаларини мустаҳкамлаши мумкин.

Учрашув иштирокчилари авиақатновлар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни, шунингдек, компаниялар ўртасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Томонлар савдо ва инвестиция фаолиятида янги имкониятларни аниқлаш учун тадбиркорларнинг бевосита ҳамкорлиги муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари, кўп томонлама майдонлардаги ҳамкорлик ҳамда умумий манфаатларга дахлдор масалалар бўйича ўзаро қўллаб-қувватлаш имкониятлари кўриб чиқилди.

ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 52-сессияси 17–18 октябрь кунлари Бағдод шаҳрида бўлиб ўтмоқда.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.