Ўзбекистон

Беҳзод Мусаев «Ватандошлар» жамғармаси раҳбари этиб тайинланди

Беҳзод Мусаев «Ватандошлар» жамғармаси раҳбари этиб тайинланди
Беҳзод Мусаев «Ватандошлар» жамғармаси раҳбари этиб тайинланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Миграция агентлигининг собиқ раҳбари Беҳзод Мусаев «Ватандошлар» жамоат фонди бошқаруви раиси этиб тайинланди.

2021 йил сентябридан буён фонд раҳбари лавозимида ишлаб келган Одилжон Сатторов энди бошқарув раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритмоқда. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий манбасида маълумот берилган.

Фонднинг раҳбариятга бағишланган саҳифасида Беҳзод Анварович Мусаев бошқарув раиси, Одилжон Сатторов эса унинг ўринбосари сифатида кўрсатилган.

«Ватандошлар» фонди 2021 йилда ташкил этилган. Ташкилот Ўзбекистон ва хорижда яшаётган ватандошлар ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш, уларни ҳамда улар томонидан ташкил этилган жамоат тузилмаларини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

Шунингдек, фонд турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларнинг касбий билимлари ва интеллектуал салоҳиятини мамлакат тараққиёти вазифаларига жалб этишга интилади.

2026 йил 3 сентябрь куни Беҳзод Мусаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Президент қарорига мувофиқ Миграция агентлиги директори лавозимидан озод этилган эди. У агентлик раҳбари этиб 2024 йил сентябрь ойида тайинланган.

Бундан аввал Мусаев Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигини бошқарган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.