Ўзбекистон

Ўзбекистон Сенати сув қонунчилигига ўзгартишларни маъқуллади

Ўзбекистон Сенати сув қонунчилигига ўзгартишларни маъқуллади
Ўзбекистон Сенати сув қонунчилигига ўзгартишларни маъқуллади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларининг самарали бошқариш, сув мониторинги, ҳисоби ва ҳисоботи юритиш, шунингдек, сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, сувнинг давлат ҳисобини юритиш, сув хўжалиги объектларидан ва қурилмаларидан фойдаланишда бевосита масъул бўлган шахсларнинг жавобгарлигини белгилаш, оқова сувларни чиқариб юбориш тартибига риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, сув истеъмолчиларига қулайликлар яратиш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Сув кодексларига сувларнинг давлат ҳисобини юритиш ҳамда сув хўжалиги объектларидан ва қурилмаларидан ҳамда оқова сувларни чиқариш тармоқларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилишини, шунингдек, сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартномалар махсус ахборот тизимида автоматлаштирилган ҳолда электрон шаклда рўйхатдан ўтказилишини назарда тутувчи тузатишлар киритилмоқда.

Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши сув ресурсларидан самарали фойдаланишга, соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга ва сув ресурсларининг муҳофаза қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.