Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Ўзбекистонга ташриф билан келган Дания ташқи ишлар вазири Ларс Лёкке Расмуссен билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди. Саидовнинг таъкидлашича, Дания Ўзбекистоннинг Европадаги истиқболли ҳамкорларидан бири сифатида қаралмоқда.
Мулоқотда сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш ва илмий алмашинувларни кенгайтириш масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Музокараларнинг алоҳида қисми иқтисодий ҳамкорликка бағишланди. Томонлар инвестицияларни жалб қилиш ва саноат кооперациясини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Ўзбекистон турли тармоқларда Дания компаниялари билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор, деди Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари.
Дания ТИВ раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки томонлама учрашувлар ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида давра суҳбати каби қатор тадбирлар ҳам режалаштирилган.