Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Австриядан Ўзбекистонга симментал зотли 150 бош наслдор йирик шохли қорамол олиб келинди.
Етказиб бериш ишларини чорвачиликни наслчилик асосида ривожлантириш ва аҳоли даромадларини ошириш лойиҳаси доирасида Uzagrostar холдинги томонидан таъсис этилган Navoiy - Agro Star компанияси амалга оширди.
Лойиҳа Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлигини тадқиқ этиш маркази билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Симментал зоти гўшт-сут йўналишига мансуб бўлиб, юқори маҳсулдорлиги, чидамлилиги ва турли иқлим шароитларига мослаша олиш қобилияти билан ажралиб туради.
Лойиҳа ташкилотчилари маълум қилишича, Австриядан олиб келинган барча наслдор чорва молларини аҳолига устама қўйилмаган нархда тақдим этиш режалаштирилмоқда. Бу аҳоли ўртасида наслчилик чорвачилигини ривожлантириш имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.
Наслдор чорва моллари сонининг кўпайиши чорвачилик маҳсулдорлигини ошириш ва тармоқни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратиши кутилмоқда.