Молия

Банклар кредит рекламасида хавфлар ҳақида огоҳлантириши шарт

Банклар кредит рекламасида хавфлар ҳақида огоҳлантириши шарт
Банклар кредит рекламасида хавфлар ҳақида огоҳлантириши шарт / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон банклари кредитларни реклама қилишда ва кредит шартномаларида мижозларни кредитни ўз вақтида сўндирмаслик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган хавфлар ҳақида огоҳлантириши шарт бўлади. Тегишли Марказий банк бошқаруви қарори 2026 йил 30 сентябрда Адлия вазирлигида 3948-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди ва расмий эълон қилинганидан бир ой ўтгач кучга киради.

Регулятор бошқаруви мазкур 24/18-сон қарорни 2026 йил 15 сентябрда фуқаролар учун давлат хизматларини такомиллаштириш ва қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисидаги Президентнинг 2026 йил 15 июлдаги ПҚ-265-сон қарори ижроси доирасида қабул қилган. Ҳужжатни Марказий банк раиси Тимур Ишметов имзолаган.

Ўзгартишлар тижорат банкларининг банк хизматлари истеъмолчилари билан муносабатлардаги фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисидаги низомга киритилди. Янги нормага кўра, кредитларнинг ҳар қандай рекламасида банк кредит бўйича мажбуриятларни бажармаслик қарз олувчи учун молиявий хавфларни келтириб чиқариши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш жойлаштириши керак.

Босма ва электрон визуал рекламаларда бундай огоҳлантириш реклама майдонининг камида 10 фоизини эгаллаши, аудио ва видеорекламаларда эса унинг давомийлигининг камида 10 фоизини ташкил этиши лозим.

Кредит шартномаларида огоҳлантириш янада кўзга ташланадиган тарзда жойлаштирилади. У шартноманинг биринчи саҳифасида, асосий матн бошланишидан олдин жойлаштирилиши ва саҳифа майдонининг камида 30 фоизини эгаллаши керак. Огоҳлантириш матни намунавий шаклда тасдиқланган.

Унда мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик қарзнинг умумий миқдори ошиши ва мажбурий ижро чоралари қўлланилишига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган. Қарз олувчининг мол-мулкига ундирув қаратилиши мумкин. Агар уни сотишдан тушган маблағлар қарзни тўлиқ қоплаш учун етарли бўлмаса, қарзнинг қолган қисми қарз олувчининг зиммасида сақланиб қолади.

Бундан ташқари, ундирув учинчи шахс томонидан гаровга қўйилган мол-мулкка ҳам қаратилиши мумкин, қарзни тўлаш мажбурияти эса кафилга юклатилиши мумкин. Кафил ёки гаровга қўювчи томонидан тўланган маблағлар кейинчалик қарз олувчидан ундирилиши мумкин.

Огоҳлантиришда бошқа эҳтимолий оқибатлар қаторида банк ҳисобварақларидаги маблағларни хатлаш, суд ёки давлат ижрочиси қарорига кўра Ўзбекистондан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш, шунингдек, кредит тарихининг ёмонлашиши ҳам кўрсатилган. Бу келажакда кредит олиш имкониятини чеклаши мумкин.

Банклар огоҳлантириш матнини графика, инфографика ёки бошқа визуал шаклда расмийлаштириши мумкин. Бунда унинг мазмуни тўлиқ сақланиши шарт.

Шу билан бирга, банклар, нобанк кредит ташкилотлари ва кредит бюроларига нисбатан чоралар ва санкцияларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низомга ҳам қўшимча киритилди.

Таъсир чораларини қўллаш асослари рўйхатига банк томонидан таклиф этилаётган кредит маҳсулоти истеъмолчини чалғитувчи деб топилган ҳолат ҳам киритилди.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.