Молия

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,7%ни ташкил этди

Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,7%ни ташкил этди
Ўзбекистон банкларида муаммоли кредитлар улуши 3,7%ни ташкил этди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон тижорат банкларининг жами кредит портфелида муаммоли кредитлар улуши 2026 йил 1 август ҳолатига 3,71 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.

Регулятор маълумотларига кўра, мамлакат тижорат банкларининг жами кредит портфели 644 637,2 млрд сўмга етган. Шундан 23 928,6 млрд сўм муаммоли кредитлар (NPL) ҳисобига тўғри келади.

Давлат улуши мавжуд банкларда кредит портфели 421 937,2 млрд сўмни ташкил этган. Ушбу гуруҳда муаммоли кредитлар ҳажми 16 801,7 млрд сўм бўлиб, уларнинг кредит портфелидаги улуши 3,98 фоизни ташкил қилган.

Қолган банкларда кредит портфели 222 700,0 млрд сўмга етган. Муаммоли кредитлар ҳажми эса 7 126,9 млрд сўмни ёки кредит портфелининг 3,2 фоизини ташкил этган.

Давлат улуши мавжуд банклар орасида муаммоли кредитларнинг энг юқори улуши Микрокредитбанкда қайд этилган — 23 124,2 млрд сўмлик кредит портфелида NPL улуши 9,87 фоизни ташкил қилган.

Бизнесни ривожлантириш банкида ушбу кўрсаткич 5,84 фоиз, Асака банкда 4,48 фоиз, Халқ банкида 4,09 фоизга тенг бўлган. Ушбу гуруҳда муаммоли кредитларнинг энг паст улуши Ўзмиллийбанкда қайд этилган — 3,03 фоиз.

Қолган банклар орасида муаммоли кредитлар улушининг энг юқори кўрсаткичи TBC Bankда қайд этилган — 7 937,7 млрд сўмлик кредит портфелида мазкур улуш 13,07 фоизни ташкил этган. Пойтахт банкда бу кўрсаткич 10,54 фоиз, Anorbankда 7,64 фоиз, Garant bankда 7,15 фоиз, AVO bankда 6,61 фоизни ташкил қилган.

Барча банклар орасида муаммоли кредитлар улушининг энг паст кўрсаткичлари Uzum Bankда 0,0093 фоиз, Apex Bankда 0,055 фоиз ва Openbankда 0,45 фоизни ташкил этган.

UzKDB Bank ва Octobankда ҳисобот санаси ҳолатига муаммоли кредитлар қайд этилмаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.